Марказий Осиё илм ва маданиятининг замонавий элчиси – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази хорижликларни лол қолдирмоқда
Озарбайжон, Қозоғистон ва Россиядан юртимизга ташриф буюрган давлат хизмати ходимлари “Euronews” телеканалининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бағишланган лавҳасини кўриб, бу масканни ўз кўзлари билан кўриш учун ташриф буюришди. Ҳали пардозлаш ва жиҳозлаш жараёнлари якунига етмаган бўлса-да, ташриф давомида кўрганларидан халқаро меҳмонлар ҳайратда эканлигини билдиришди.
Давлат божхона қўмитаси Божхона институти ташаббуси билан пойтахтимизда ўтказилган халқаро илмий-амалий конференция доирасида хорижий делегация аъзолари — Озарбайжон, Қозоғистон ва Россиядан келган божхона хизматлари вакиллари — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар.
Божхона институти ректори Миръазам Хамраев таъкидлаганидек, меҳмонлар “Euronews” телеканалининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бағишланган лавҳасини кўриб, бу масканни ўз кўзлари билан кўришга катта қизиқиш билдирган. Шу сабабли делегация учун алоҳида ташриф ташкил этилди.
Озарбайжон Божхона академияси ректори Гулу Новрузов марказ ҳақидаги таассуротини шундай ифода этди:
“Бу марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун Туркистон минтақасининг илм, маданият ва цивилизация бойлигини намоён этади. Исломдан аввалги даврга оид археологик топилмалар, айниқса, қадимий тўқимачилик намуналари менда катта таассурот қолдирди. Бу маскан бизнинг умумий тарихимизнинг бир бўлагидир”.
Қозоғистон Давлат даромадлари қўмитаси вакили Жанат Шаимов таъкидлади:
“Бу ердаги экспозициялар гўё жонланган тарих. Биз исломдан аввалги даврдан то иккинчи Ренессансгача бўлган жараёнларни кўз олдимизда кўрдик. Бу бунёд этилган марказ — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга ошган улкан маданий ютуқдир”.
Россия Божхона академияси илмий-тадқиқот институти раҳбари ўринбосари Юрий Сомов эса қуйидагича фикр билдирди:
“Мени энг ҳайратга солгани — асл, қадимий буюмлар ва уларни замонавий рақамли технологиялар билан уйғунлаштириш. Интерактив экспозициялар инсонни ўтмишга гўё “ташлаб юборади”. Бу — фақат таълим эмас, ҳақиқий тажриба!”.
Ташриф якунида хорижий меҳмонлар Марказ жамоасига самимий миннатдорлик билдирди.
Улар бу маскан нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа халқларини бирлаштирувчи илмий-маънавий кўприк эканини таъкидлаб, бундай ташрифлар халқлар ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстликни янада мустаҳкамлашини қайд этдилар.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди