Ўзбекистонда илк бор Бобурийларнинг тарихий миниатюралари асл нусхалари намойиш этилади
🔴 Британия музейларида сақланаётган миниатюра сирлари очилади
Бобурийлар даври Ҳиндистон ўлкаси тарихидаги энг ёрқин даврлардан бирига айланди. Бу сулола мамлакатни 333 йил давомида, Британия босқинига қадар – 1858 йилгача бошқарган. Бобурийлар темурийлар маданиятини Ҳиндистонга олиб келиб, уни маҳаллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналар билан моҳирона уйғунлаштириб бойитган.
Бобурийлар даври тасвирий санъатида маҳаллий маданият ва темурийлар анъаналари ютуқларининг ўзига хос уйғунлигини кўриш мумкин. Сулоланинг Бобур, Ҳумоюн, Акбар, Жаҳонгир, Шоҳ Жаҳон, Аврангзеб каби вакиллари мамлакатда илм-фан, санъат ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган.

Умуман олганда, XV-XVI асрларда Ҳиндистонда маҳаллий ҳинд ва Мовароуннаҳр тасвирий санъатини ўзида жамлаган янги миниатюра мактаби вужудга келди. Портрет миниатюра жанри сифатида тасвирий санъатда муносиб ўринга эга бўлиб, нафақат бадиий ҳаётда алоҳида аҳамият касб этди, балки давлат сиёсатининг принципиал муҳим таркибий қисмига айланди. Бунинг бир қанча сабаблари бор эди.
Биринчидан, Ҳиндистондаги темурийлар сулоласининг вакиллари бўлган деярли барча бобурий ҳукмдорлар темурийлар маданиятининг қонуний давомчилари ҳисобланган. Темурийлар анъаналарига мувофиқ, бобурий ҳукмдорлар санъатга алоҳида меҳр кўрсатиб, китоб устахоналарига ва рассомларга катта эътибор қаратганлар. Улар суратлардаги образлари кейинги авлодларга етиб боришини истаганлар, бу эса ўз навбатида XVI-XVII асрларда бобурийлар миниатюра санъати ва портрет жанрининг ривожланишига катта таъсир кўрсатди.
Бобурий ҳукмдорлар буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод ижодини юқори баҳолаганлар. Унинг суратларини асраб-авайлаганлар. Сарой миниатюрачилари бу суратлардан нусхалар кўчирганлар, Беҳзод ижодидан портрет-суратлар чизиш маҳоратини ўзлаштирганлар.
Бобурийлар портрет санъати мактаби Эрон ва Мовароуннаҳр портрет жанри мактабларидан ўзиб кетишга муваффақ бўлди. Чунки, Бобурий ҳукмдорларнинг портретчи рассомлар олдига қўйган энг муҳим талаби тасвирланган қаҳрамоннинг ташқи кўриниши юқори даражада ўхшаш бўлиши кераклиги эди. Ушбу талабни бажариш учун энг истеъдодли сарой портретчи мусаввирларига ҳукмдорларга ҳарбий юришларда, турли маросимларда ҳамроҳлик қилиш ҳуқуқи берилган бўлиб, у ерда улар ҳукмдорни кузатиши ва унинг портретини яратишда ўз кузатишлари натижаларидан фойдаланишлари мумкин эди. Рассомлар ҳатто хорижий мамлакатларнинг нуфузли ҳукмдорлари портретларини чизиш учун дипломатик ваколатхоналар таркибига ҳам киритилган. Шу боис, бобурийлар саройида ишланган портретлар орасида Эрон, Марказий Осиё, Усмонийлар ҳукмдорлари ва ҳатто Европа вакиллари суратларини ҳам кўриш мумкин эди.
Барча авлодлар ўз сулоласининг асосчиси – Бобурга катта ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишган ва унинг портретларини ўша даврда яратилган қўлёзма китобларга киритишган. Бобурнинг ҳаётлик даврида яратилган портрет образлари бор ёки йўқлиги ҳозиргача номаълум. Унинг қизил салла ўраган ҳолда боғда китоб ўқиётгани акс эттирилган машҳур миниатюраси кейинги даврларда кўплаб тасвирий санъат асарларига асос бўлди. Ҳозирда ушбу миниатюра Лондондаги Британия кутубхонасида сақланади.

Ушбу портрет XVII асрнинг биринчи чорагида, Бобурнинг набираси Жаҳонгир ҳукмронлиги даврида яратилган бўлиб, унда Бобур боғда ариқ бўйида ўтирган ҳолда тасвирланган. У пойабзалини ечиб, оёқларини бир-бирининг устига чалиштирган ҳолда китоб ўқиб ўтирибди. Шоҳнинг чопонида бир нечта буғу сурати тасвирланган. Бобурнинг бошида сариқ чизиқли салла бўлиб, тожига ҳукмронлик ва асилзодалик рамзи бўлган укпар тақилган.
Бобурнинг яна бир портрети, унинг набираси Шоҳ Жаҳон даврида, 1630 йилда чизилган, деб тахмин қилинади. Ушбу портрет Лондоннинг Виктория ва Алберт музейида сақланади. Миниатюра мураққаъ саҳифасига жойлаштирилган, саҳифа ҳошиясидаги ёзув тасвирдаги шахс Бобур эканлигини билдиради, орқа томонида эса Шоҳ Жаҳоннинг ўғли Дорошукуҳнинг дастхати туширилган.

Турли даврларда “Бобурнома” қўлёзмаси нусхаларида Бобурнинг ҳар хил вазиятларда тасвирланган расмлари учрайди. Бобур кундалик ҳаётда, сарой зиёфатларида, овда, ҳарбий юришларда, Ҳиндистоннинг энг гўзал табиати бағрида оддий инсон ҳаётининг қувончлари бегона бўлмаган буюк саркарда, ҳукмдор сифатида акс эттирилган.
Бобурийлар рассомлик устахонасининг бизгача етиб келган биринчи портретлари Хуросон, Эрон ва Мовароуннаҳр рассомлари томонидан чизилган. Улар 1540–1550 йилларда Кобулда шоҳ Ҳумоюн хизматига кирганлар, сўнг улардан баъзилари унга эргашиб Деҳлига келишган.
Портретчи рассомларнинг маълум бир тарихий шахсни тасвирлашга интилиши Бобурнинг набираси Акбар (1556–1605) даврида шаклланган. Парчаланиб ётган Ҳиндистон ҳаётида Акбарнинг улкан рол ўйнаши унинг тақдирига ёзилганди. У ҳаётий муҳим ислоҳотларни амалга ошириб, кичик князликлар ва мустақил вилоятларни ўз қўмондонлиги остида бирлаштириб, ҳатто вафотидан кейин ҳам бир аср давомида шундай қудратли давлатлигича сақланиб қолган марказлашган давлат яратишга муваффақ бўлди.

Акбар темурий аждодларидан нафақат жасур саркарда ва атоқли давлат арбоби, балки маърифатпарвар подшолик фазилатларини ҳам мерос қилиб олганди. У фалсафа ва адабиётни чуқур билган, ўзи шеърлар ёзган, мусиқага қизиққан ва ёшлигида рассомликдан сабоқ олган. Подшоҳ Акбар даврида кўплаб сарой устахоналари очилиб, уларда Ҳиндистон, Эрон ва Ўрта Осиёнинг турли бурчакларидан таклиф қилинган ўймакорлар, темирчилар, тўқувчилар, рассомлар ва заргарлар фаолият юритган. Тасвирий санъатга алоҳида эътибор қаратилган, чунки бадиий асарларда Акбарнинг сиёсий қарашлари ҳам ўз аксини топган.
Жаҳонгир ҳокимият тепасига келганидан кейин (1605–1627) Бобурийлар портрет санъати янада ривожланди, бу даврда аввалгиларидан фарқли ўлароқ, рассомларнинг индивидуал услубига алоҳида эътибор берила бошланди. Улар миниатюралар ҳошияларида ўзларининг имзоларини ва расмларида акс эттирилган шахсларнинг исмларини кўрсата бошладилар.
Жаҳонгир Шоҳ ҳукмронлиги даврида портрет жанри бобурийлар тасвирий санъатининг етакчи йўналишига айланди. Жаҳонгир Шоҳнинг сарой галереясида Ҳошим, Говардхон, Абулҳасан, Давлат, Бичитр, Бишан Дас ва бошқа кўплаб буюк портретчи рассомлар ишлаган. Жаҳонгир тасвирий санъатни шу қадар чуқур билганки, Бобур саройидаги ҳар қандай рассомнинг асарларини бемалол аниқлай оларди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида Бобурийлар даври маданий мероси, хусусан миниатюра санъати намуналари билан танишиш мумкин. XVII-XIX арсларда яратилган ушбу миниатюраларда сулоланинг кўплаб вакиллари, сарой мулозимлари, маданият ва санъат намояндалари тасвирланган бўлиб, Ўзбекистон тарихида илк бор бобурийларга оид миниатюраларнинг асл нусхаларини юртимизда намойиш этилмоқда.
Рустам Жабборов
P/S :Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди