35 минг китоб, Туркия президенти совғаси ва қадимий қўлёзмалар: Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасида қандай хазиналарни кўриш мумкин?



 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси  фондида 35 мингга яқин китоб жойлаштирилган бўлиб, улар орасида хориждан совға қилинган асарлар ва факсимиле нусхалар ҳам мавжуд.




Марказнинг Кутубхона ва архив ҳужжатлари бўлими бош мутахассиси Мавлуда Каримова бу бебаҳо меросни асраб-авайлаш ҳамда уни тадқиқотчилар учун очиқ манба сифатида тақдим этиш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди:

 

— Ислом мероси жамғармаси – “Ал-Фурқон” фондидан бизга катта ҳажмдаги китоблар коллекцияси келтирилган. Ушбу китобларда қўлёзмалар ҳақида зарур маълумотлар жамланган. Шунингдек, Қуддусдан, Миср кутубхоналари ва архивларидан келтирилган манбалар ҳам мавжуд.

 

Бундан ташқари, Эрондан келтирилган 45 томлик “Эрон қўлёзмалар каталоги” кутубхона фондидан ўрин олган. Мазкур каталог 100 йил мобайнида тузилган бўлиб, 300 дан ортиқ қўлёзмалар рўйхатга олинган. Энг қизиғи, бу қўлёзмалар орасида Ўзбекистон заминига тааллуқли асарлар, яъни бизнинг алломаларимиз томонидан ёзилган қўлёзмалар ҳам мавжудлиги қайд этилган.

 

Шунингдек, кутубхонага хориждан келтирилган факсимиле китоблар, қадимий ва ноёб асарларнинг нусхалари ҳам жойлаштирилган. Бу ерда ҳатто Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған томонидан туҳфа этилган факсимиле китоблар ҳам бор.

 

Ҳозирда кутубхонадаги иш жараёнлари ҳали якунига етмаган. Эндиликда кутубхонага ҳадя қилинган Шарқ ва Ғарб коллекцияси, қадимий ва ноёб асарлар жамланмасини жойлаштириш режалаштирилган.

 

Айни пайтда китобларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, RFID технологияси асосида чип ўрнатиш ишлари жадаллик билан давом этмоқда. Бўш жавонларга эса Европадан келтирилган нодир коллекция китобларини жойлаштириш режалаштирилган.

 

Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси — бу илм ва тафаккур хазинаси, ўзида Шарқ ва Ғарб маданиятининг энг яхши намуналарини мужассам этган муассасадир. У нафақат ўзбек халқининг илмий меросини сақлайди, балки уни жаҳон илмий жамоатчилигига танитишда ҳам муҳим рол ўйнайди.