Тарихий ва маънавий меросимизни давлат тилида намойиш этиш долзарб вазифа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида музей экспозицияларида давлат тили меъёрларига қатъий риоя қилиш, артефактлар ва экспонатлар ҳақидаги маълумотларни ўзбек адабий тилида равон ва хатосиз тақдим этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 36 йиллиги муносабати билан тадбир ташкил этилди. Тадбирда давлат тилининг юртимизда қонуний мақоми, унинг тарихий аҳамияти ҳамда миллат рамзи сифатида ўзбек тилининг жамиятдаги ўрни ҳақида фикрлар билдирилди.
Жорий йилнинг 20 октябрида давлат раҳбари марказга ташрифи давомида давлат тилининг мавқеини ошириш ҳамда марказда халқимизнинг бой тарихий ва маънавий меросини давлат тилида кенг намойиш этиш бўйича берган муҳим топшириқлари ҳақида маълумот берилди.
Тил — бу фақат алоқа воситаси эмас, у миллатнинг тафаккури, руҳий олами ва маънавий қиёфасидир. Шу боис, Ислом цивилизацияси маркази сифатида биз ўз фаолиятимизда давлат тилининг нуфузини ошириш, ҳар бир ёзув, ҳар бир илмий материалда ўзбек тилидан тўғри ва равон фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, - деди Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов.

Тадбирда Президент ташрифи чоғида берилган ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича амалий кўрсатмалар берилиб, марказ экспозицияларида давлат тили меъёрларига қатъий риоя қилиш, ар-тефактлар ва экспонатлар ҳақидаги маълумотларни ўзбек адабий тилида равон ва хатосиз тақдим этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, марказда тайёрланаётган маълумотлар, ҳужжатли фильмлар ва тақдимотларнинг аввало ўзбек тилида ишлаб чиқилиши, сўнгра халқаро меҳмонлар учун бошқа тилларга таржима қилиниши давлат тилининг нуфузини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир давомида 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши юртимиз тарихидаги муҳим воқеа эканлиги эслатилди. Ушбу қарор тил сиёсати ва қонунчиликда мустаҳкамланиб, ўзбек тилининг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.
Тадбирда марказ фаолиятида тил маданиятини ривожлантириш ҳамда мамлакатимизнинг маънавий қиёфасини янада ёрқин акс эттиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди