40 асрлик сўзлар, 36 йиллик давлат тили: ўзбек тилининг тарихий саёҳати

Олимларимизнинг айтишича, ўзбек тилининг илк илдизлари эрамиздан аввалги мингйилликларга бориб тақалади. Айрим турколог олимлар дунёдаги энг қадимий ёзма манбалардан бири бўлган, қадимги шумер тилида битилган “Гилгамеш” достонини таҳлил қилишганида унда туркий тиллар, жумладан, бугунги ўзбек тилида ҳам фаол қўлланиб келаётган 300 га яқин сўз ва сўз бирикмаларини аниқлашган. Қарангки, ҳозирги тилимиздаги “оз”, “ёз”, “эр”, “қиз”, “буз”, “қуш”, “қош” сингари сўзлар бундан 30-40 аср илгари ҳам ҳозиргидек кўринишда бўлган экан. 




Даниялик олим Вильгельм Томсен 1890 йилларда ҳозирги Мўғулистон ҳудудидан топган улкан харсангтошлар сиртидаги битиклар аввалига турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. Кейин улар туркий халқларнинг ҳозиргача аниқланган энг қадимий ёдгорликлари “Ўрхун битиклари” номи билан дунёга донг таратади. Бу битиклар 680–745 йиллар орасида, Турк ҳоқонлигининг “олтин” даврида руний алифбосида, эски туркий (кўктурк) тилда битилгани аниқланди. “Култигин”, “Билга Ҳоқон” ва “Тўнюқуқ” битиктошларидан иборат бу обидалар Ер юзидаги барча туркий тилларнинг энг нодир намунаси бўлса-да, бу битиклар услуби, жозибаси, тиниқлиги ўзбек тили учун ҳам хослиги аниқ кўринади. “Билга ҳоқон битиги”даги “ҳоқонлиғ будун (эл)  эрдим, ҳоқоним қани?” сингари иборалар тилимизнинг эски кўктурк тилига қанчалик ҳамоҳанг эканини кўрсатади. 



 

Тарихий манбаларнинг исботлашича...


Эски ўзбек тили тарихда бугунгидан ҳам кенгроқ миқёсда ишлатилганини бир қатор тарихий манбалар исботлайди. Бу тил Шарқда Хитойнинг марказий қисмидан тортиб, ғарбда Литва князлигига қадар, шимолда Олтин Ўрдадан жанубда то Мисрга қадар улкан ҳудудда муомалада бўлган. 


Хитойнинг Цин империяси (1644-1911) даврида Хэбэй вилояти ҳудудида қурилган Ёзги тоғ саройининг дарвозасида хитой, мўғул, манчжур, чиғатой (эски ўзбек) ва тибет тилларидаги битиклар учрайди. Асосий дарвоза тепасида соф туркий тилда, настаълиқ хатида битилган “Равшан: ўртадаги дарвоза” деб ёзиб қўйилган. Олимларнинг айтишича, эски ўзбек тили Цинь империяси даврида ишлатилган бешта муҳим тилдан бири бўлган. 

 

Мисрда топилган қадимий девон


2012 йилда Миср Миллий кутубхонасида Алишер Навоийнинг ўғуз лаҳжасида битилган қадимий девони топилган. Бу Эҳромлар юртидан топилган илк туркий манба эмас. Маълумотларга кўра, буюк ўзбек шоири Сайфи Саройи умрининг охирига қадар Мисрда яшаган, шу ерда ўзининг ўзбек тилидаги бир қатор шеъру достонларини яратган эди: 


Ўсиб тупроғим узра найзалар, мен эвдин айрилдим,
Ватандин бенишон ўлдим-да, ўзга юртга эврилдим.


Бир пайтлар туркий адабиётнинг ёрқин вакили Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” достони ҳам айнан шу ердан — Қоҳира кутубхонаси ертўласидан топилган. Қолаверса, бугунги кунда Қоҳира марказида Ўзбекия деб аталадиган тарихий маҳалла, шу ном билан аталадиган кўча, масжид, театр ва боғ ҳам бор. 

 

Амир Темурнинг махсус кўрсатмаси


Амир Темур салтанати (1370-1405) даврида Буюк соҳибқирон асосий фармон ва қарорларни, келгуси авлод учун яратилган тошбитикларни ҳам эски ўзбек тилида битишга кўрсатма берган, “Темур тузуклари”нинг илк нусхаси ҳам она тилимизда битилган эди. 


Амир Темур томонидан 1391 йил Олтин Ўрда хони Тўхтамишга қарши юриш қилган чоғида ҳозирги Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти ҳудудидаги Улуғтоғ этакларида тошда битиб қолдирилган ушбу битиклар Соҳибқирон даврида тилимиз қанчалик тиниқ ва жозибали бўлганини кўрсатади:

 

“Тарих етти юз тўқсон учинда, қўй йили ёз ойи ораси Туроннинг султони Темурбек уч юз минг черик била ислом учун Тўхтамишхон — Булғор хониға қарши юрди. Бу ерга етиб, белги бўлсун деб бу ўбани қўпорди. Тангри нусрат бергай, иншоолоҳ. Тангри эл кишига раҳмат қилғай, бизни дуо била ёд қилғай”. 

 

Ўз тили қолиб ўзга тилни афзал билганлар 


Назм мулкининг султони Мир Алишер Навоийнинг ўзбек тили тараққиётида қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ҳар қанча гапирсак оз. 


Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам, 


- деганда буюк шоир тилимизнинг ўз даврида нуфузи, обрў-эътиборини юксалтиришга жуда катта ҳисса қўшганини ҳақли равишда эътироф этган эди.  У ўзининг бой мероси билан туркий тилнинг бошқа тиллардан устун жиҳатларини ҳам амалда кўрсатиб берди. Навоий “Муҳокаматул-луғатайн” асарида туркий тилнинг афзал жиҳатларига урғу бериб, ўзга тилни афзал билган шоиру фозиллар ҳақида таассуф билан шундай деган эди: 

 

“Бу халқ орасидин пайдо бўлғон табъ аҳли салоҳият ва табъларин ўз тиллари турғоч, ўзга тил била зоҳир қилмаса эрди ва ишга буюрмасалар эрди. Ва агар иккаласи тил била айтур қобилиятлари бўлса, ўз тиллари била кўпрак айтсалар эрди, ва яна бир тил била озроқ айтсалар эрди...”.


Таассуфки, ўша даврларда ҳам тилимизнинг буюклиги ва бойлиги, гўзал ва бетакрорлигини тўла англамаган, унинг қадрига етмаган инсонлар бўлган. 

 

50 миллион кишини бирлаштирган тил


Бугун қувонч билан таъкидлай оламизки, ўзбек тили ўзининг қаддини кўтармоқда. Ер юзидаги етти мингга яқин тил ичида ўзбек тилининг ўз ўрни, нуфузи ва эътибори борлиги барчамизни қувонтиради. 


Бизнинг она тилимиз мансуб бўлган туркий тиллар оиласига 30 дан ортиқ тиллар киради ва уларда Ер юзида 250 миллиондан ортиқ киши сўзлашади. Дунё миқёсида ўзбек тилида гаплашувчиларнинг умумий сони 50 миллионга етади. 


Ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлган 100 га яқин тилларнинг бири экани ҳам қалбимизда фахру ғурур уйғотади. Агар дунёда 7000 га яқин тил ва лаҳжалар мавжудлигини эътиборга олсак, бу ёмон кўрсаткич эмас. Ҳолбуки, дунёда давлат тили мақомига эга бўлмаган, аммо юз миллионлаб кишилар сўзлашадиган тиллар ҳам бор. 
2019 йил 21 октябрь куни Давлатимиз раҳбари “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга биноан “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Бу йил ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 36 йил тўлди. 
    
Расул Ҳамзатов ҳам орзуси


Бир пайтлар Доғистоннинг буюк фарзанди Расул Ҳамзатов ўз она тили ҳақида ёзаркан:


Жаҳон минбаридан янграмаса ҳам,
Она тилим менга муқаддас буюк, 


— деган эди. Не бахтки, бизнинг она тилимиз жаҳон минбаридан ҳам жаранг сочди. Бинобарин бугунги кунда ҳар бир ўзбек Расул Ҳамзатов ҳам орзу қилган шарафга эриша олди, дейиш мумкин.

 

Фуқаролик мажбурияти


Давлат тили унинг барча рамзлари каби муқаддас саналади. Яқинда кучга кирган янги тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишни истаган шахс давлат тилини лозим даражада билиши кераклиги белгилаб қўйилди. Бундай тартиб дунёнинг кўплаб давлатларида жорий қилинган. Қўшни ва қардош халқларнинг давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатларида ҳам ҳар бир фуқаро учун давлат тилини билиш шарт қилиб белгиланган. Шундай экан, ўзини шу тупроққа дахлдор деб билган ҳар бир инсон давлат тилини ҳурмат қилиши, бу борадаги қонун ҳужжатларига риоя этиши керак бўлади. 



 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида нима гап?


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ҳам  халқимизнинг бир неча минг йиллик тарихи, маданияти, бой маънавий меросини сақлаш ва оммалаштириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда мазкур муассасада ўзбек тилида яратилган бетакрор адабий ёдгорликлар, Лутфий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Турди Фароғий, Муҳаммад Ризо Огаҳий ва бошқа мутафаккирларнинг нодир қўлёзмалари сақланмоқда. Шунингдек, марказ илмий-инновацион лойиҳалари доирасида тилимизнинг тарихи, тадрижи ва тараққиёти билан боғлиқ тадқиқотлар олиб борилмоқда.

 

 

Дурдона Расулова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин