Голливуд актёри Бен Кингсли ўзбек заминида етишган буюк олимлар ҳақида ҳикоя қилади

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази “Оскар” мукофоти соҳиби, афсонавий голливуд актёри сэр Бен Кингсли иштирокидаги янги халқаро лойиҳани амалга оширишни бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда бой маънавий ва тарихий меросни, шунингдек, Шарқ олимларининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини кенг тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли маданий ва гуманитар лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ислом цивилизацияси марказининг мазкур ташаббуси ана шу йўналишдаги яна бир ёрқин қадам бўлди.
Лойиҳа доирасида тарих, маданият ва фан тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар ва уламолар ҳаётига бағишланган ўн тадан ортиқ қисқа метражли ҳужжатли фильмлар яратилмоқда. Ушбу фильмлар халқаро аудитория учун мўлжалланган бўлиб, дунёнинг етакчи медиа-платформаларида намойиш этилиши кўзда тутилган.
Лойиҳанинг илк босқичида сэр Бен Кингсли иштирокида видеоролик суратга олинди. Бу ролик Шарқнинг буюк мутафаккирлари ва олимлари, уларнинг илмий мероси ва ғоялари жаҳон маданияти, фалсафаси ҳамда фан ривожига кўрсатган беқиёс таъсири ҳақида ҳикоя қилувчи катта фильмлар туркумига муқаддима бўлади.
Келгусида лойиҳа доирасида бошқа жаҳон миқёсида танилган актёрлар ва санъат арбобларини ҳам жалб этиш режалаштирилган. Бу орқали томошабинларга ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида шаклланган ислом цивилизациясининг бетакрор саҳифаларини бутун дунё миқёсида етказиш имкони яратилади.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббусларини амалга ошириш йўлида халқаро маданий мулоқотни мустаҳкамлашга, шунингдек Ўзбекистонни қадимий цивилизациялар бешиги, фан, маданият ва маърифат юрти сифатида танитишга хизмат қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди