Арманистонлик мутахассис: “Ўзбекистонда тарих нафас оладиган жой бор”

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат миллий ғуруримиз, балки бутун дунёнинг маърифий ва илмий мулоқот маскани сифатида танилмоқда.
Айни кунларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Марказда очилишига тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда. Экпозицияларда экспонатлар жойлашуви ва уларга ҳамоҳанг тарзда медиа маҳсулотлар, хусусан роликлар, қисқа хронометражли ҳужжатли фильмлар ва бошқа музей лойиҳалари тақдимотга тайёрланмоқда. Жараён қизғин паллага кирган. Шунга қарамай, юртимизга ташриф буюраётган хорижлик меҳмонлар, сайёҳлар Марказнинг ташқи маҳобатини кўрибоқ унинг ички контентига қизиқиш билдирмоқда ва ташкилий жараёнлар кетаётганига қарамай, ҳайрат билан ўз таассуротларини билдирмоқда. Улар орасида маданият, санъатдан ташқари банк, соғлиқни сақлаш каби соҳа вакиллари ҳам бор. Куни кеча пойтахтда бўлиб ўтган халқаро конференция қатнашчилари ҳам Марказ билан танишди.

Арманистон пойтахти Еревандан келган мутахассис, Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Лусине Айвазяннинг таъкидлашича, бу сафар давомида у нафақат Тошкентнинг замонавий қиёфаси, балки ўзбек халқи маданияти ва тарихий руҳидан ҳам чуқур таассурот олган.
“Бу менинг Ўзбекистонга илк ташрифим. Тошкент жуда замонавий, тоза ва меҳмондўст шаҳар экан. Самарқандга боришга улгурмадим, лекин келгуси сафаримда албатта кўришни орзу қиламан”, — дейди у.
Унинг айтишича, айнан Ислом цивилизацияси маркази энг катта таассурот қолдирган:
“Бу ерда ҳар бир зал нафақат тарихни кўрсатади, балки уни ҳис этиш имконини ҳам беради. Экспонатлар, ёруғлик, архитектура ва замонавий технологиялар бирлашиб, жонли тарих муҳитини яратади”
Лусине Айвазян айниқса Ипак йўлига бағишланган бўлим ҳақида тўхталар экан, қуйидаги фикр билдирди:
“Бу бўлим мен учун жуда муҳим. Чунки Ипак йўли Арманистон ҳудудидан ҳам ўтган. Шу боис бу ерда кўрганларим менда нафақат қизиқиш, балки ҳиссий туйғулар уйғотди. У ерда халқлар ўртасидаги маданий ва савдо алоқалар нақадар чиройли ифода этилганини кўриш мумкин.”
Меҳмоннинг таъкидлашича, Марказ фақат музей эмас, балки “ўтмиш билан келажакни боғловчи тирик макон”дир:
“Бу ерда илм, маданият ва маънавият бир-бири билан чамбарчас боғланган. Марказ ўтмишни замонавий технологиялар орқали ёшларга яқинлаштира олган.”
Лусине Айвазян ўзбек халқининг меҳнацеварлиги ва бадиий дидига ҳам юқори баҳо берди:
“Бизда ҳам ўзбек матолари сотилади, лекин бу ерга келгач, тушундимки, гап фақат маҳсулотда эмас — халқнинг қалбида, меҳнат маданиятида ва тарихга бўлган муҳаббатида экан.”
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди