“Ислом цивилизацияси маркази — ўзликни англаш ва миллий ғурур рамзи” – профессор Фаҳад Усман
"Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бу ташаббус жуда муҳим — у орқали янги авлод ўз тарихини, маданиятини чуқурроқ билиб, ўз илдизлари билан фахрланиш имконига эга бўлади,” — дейди покистонлик профессор Фаҳад Усман.
Ўзбекистонда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази нафақат мамлакатимиз илм-фан ва маданият тарихидаги йирик иншоотлардан бири, балки халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётган маънавий масканга айланмоқда. Бугун бу муҳташам марказга дунёнинг турли мамлакатларидан таниқли олимлар, диний уламолар ва санъат арбоблари ташриф буюриб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашмоқда.
Шу кунларда марказга ташриф буюрган шифокор Фаҳад Усман ҳам марказдаги кўргазмаларни томоша қилар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ушбу ташаббусни юксак баҳолади.
“Бу менинг Ўзбекистонга биринчи ташрифим ва айтишим мумкинки, бу юрт ниҳоятда гўзал. Айниқса, Ислом цивилизацияси маркази мени ҳайратда қолдирди — бу жой нафақат меъморий жиҳатдан, балки маънавий мазмуни билан ҳам жуда бой. Ҳар бир бурчагида тарих, илм ва маданият нафаси сезилади,” — дейди у.
Профессорнинг сўзларига кўра, марказ мусулмонлар учун алоҳида маънавий аҳамият касб этади, чунки у ўзлигимизни, аждодларимиз яратган буюк сивилизацияни эслатади.
Шунингдек, у Марказдаги кўргазмалар орасида айниқса ўзбек халқининг бой маданий мероси, доривор ўсимликлар, пахта, ипак ва мато тайёрлаш жараёнининг жонли тарзда намойиш этилишини алоҳида эътироф этди.
“Бу ердаги экспозициялар орқали ташриф буюрувчилар нафақат ўтмиш ҳақида маълумот олишади, балки ўз маданиятининг нақадар чуқур илдизларга эга эканини ҳис қилишади. Бу жой билим, илҳом ва ғурур уйғотади. Ҳар бир деталда меҳнат, меҳр ва миллий фахр мужассам,” — дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 июндаги қарори асосида ташкил этилган. 2018 йили Рамазон ҳайити куни Марказ пойдеворига тамал тоши қўйилган бўлиб, бугунги кунда у илм, тарих ва маданият уйғунлигини мужассам этган миллий фахр тимсолига айланган.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди