47 проектор, 100 дизайнер ва битта ғоя
🔴 Ислом цивилизацияси маркази биносидаги кўпчиликни ҳайратга солаётган 3D мэппинг-шоу тажрибаси ҳақида ҳақиқатлар очиқланди


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ҳозирча тажриба сифатида намойиш этилаётган 3D мэппинг-шоу – бу тарихий ёки маърифий ғояни етказиш учун яратилган замонавий технологияли саҳна асари. Россиянинг “Сила Света” компанияси томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа – 47 та “Барcо” 45 000 ёруғлик оқимига эга проекторлар, 25 дақиқалик ижодий иш, тахминан 100 нафар ижодий-техник жамоа ва 50 нафар дизайнернинг меҳнати натижасидир. Ушбу шоу технологик мураккаблик ва маънавий мазмунни уйғунлаштиришга қаратилган бўлиб, ҳозирча тажриба босқичида бўлса-да, халқаро ва маҳаллий аудиторияда сезиларли резонанс уйғотмоқда.

Ғоянинг туғилиши
“Сила Света” компаниясининг ҳаммуассиси ва креатив директори Александр Уснинг таърифича, бу лойиҳа “Марказий Осиёдаги энг катта шоулардан бири” бўлади. Унга кўра, бу ғоя шунчаки ёритилган деворлар ёки эффектли проекциялар йиғиндиси эмас, балки Ўзбекистон тарихини янги визуал шаклда ҳикоя қилувчи бадиий йўл.
– Биз бу шоу устида ярим йил давомида ишладик. Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва уларнинг илмий жамоаси бизга тарихий манбалар, буюк олимлар, шаҳарлар ҳақидаги чуқур маълумотларни жамлашга катта кўмак кўрсатди. Бу биз учун жуда ҳаяжонли иш бўлди. Ўзбекистон цивилизацияси, унинг олимлари ва файласуфлари ҳақида ўрганиш – бутун жамоамиз учун бир саргузаштга айланди, – дейди Ус.
Марказда тарихни яратган инсонлар
Мэппинг-шоунинг марказий ғояси Ўзбекистонни тарих давомида буюк цивилизация даражасига олиб чиққан инсонларни ёдга олишдир. Бу шоуда воқеалар эмас, балки инсонлар – алломалар, шоирлар, ҳукмдорлар, олимлар диққат марказига чиқарилган. Ибн Сино, Хоразмий, Имом Бухорий, Улуғбек Мирзо, Амир Темур каби сиймолар бу ёруғлик ҳикоясининг марказида туради.
“Биз Европа қарашларига яқин одамлармиз, лекин аслида кўплаб нарса айнан шу ердан, Ўзбекистондан бошланганини билиб ҳайратда қолдик. Масалан, арифметика, юлдузларни ўрганиш, тиббиёт, ҳатто ёқилғи соҳаларининг илдизи шу ерда ётади. Биз учун бу ишда кўплаб нарса қайтадан кашф этилгандек бўлди. Шу сабабли биз бу ишни катта завқ билан қилдик. Бизнинг мақсад - илм аҳли учун ҳам, ёш болалар учун ҳам бирдек таъсирли бўлган жонли томоша яратиш”, – дейди Александр.
Шоунинг рамзий маъноси
Шоунинг энг муҳим рамзи – Қуръоннинг очилиш саҳнаси. Бу саҳна орқали тарих ва замон ўртасидаги узвийлик ифодаланади. Проекция пайтида марказ деворлари гўёки шаффофлашади, ичкарига нур киради – ва муқаддас китоб “чиқиб келаётгандек” тасвирланади.
“Бу нафақат техник гўзаллик, балки чуқур маъно – илм ва маърифатнинг янги даврга кириб боришини ифодалайди,” – дейди Александр Ус.
Бу шоуда нур – сўз, бино – саҳифа ва тарих – жонли образга айланади. Ҳар бир проекция, ҳар бир мусиқий оҳанг, ҳар бир ранг – ўзбек халқининг бой маданиятига битилган изҳор.
Ислом цивилизацияси марказининг деворлари энди оддий бино эмас – улар ўтган асрларнинг овози, келажак авлодларга йўлланган нурли меросдир.
МАЪЛУМОТ УЧУН: Россиянинг “Сила Света” компанияси дунё миқёсида йирик ёруғлик шоуларида тажриба орттирган ижодий гуруҳ саналади. Аммо бу лойиҳа улар учун ҳам ўзига хос синов бўлди. Чунки бу сафар технология тарих ва маънавият билан уйғунлашиши керак эди.
“Энг қийин нарса – тарихийлик, бадиийлик ва технологияни бир тану бир жон қилиш эди. Аммо биз бунга эришдик. Энди ҳар бир меҳмон бу тарихни ўз кўзи билан кўриб, юраги билан ҳис қилиши мумкин”, – дейди “Сила Света” компанияси арт-директори Ася Дегтярёва.
Шоуда жонли мусиқа асосий рол ўйнайди. Миллий чолғу асбобларида ижро этилган куйлар рақамли технологиялар ёрдамида янги шаклга келтирилган. Ҳар бир портал учун алоҳида овоз ва ритм танланган - бу ҳудуднинг руҳини ифодалайди. Профессионал дикторларнинг овозлари эса тарихий ҳикояларга бадиий куч беради.
Мэппинг-шоу ҳозирча Хоразм порталида тажриба тарзида намойиш этилмоқда. Бу жой тасодифан танланмаган – Хоразм қадимдан илм, санъат ва маданият маркази бўлиб келган.
Ася Дегтярёванинг айтишича, лойиҳа ҳали якуний босқичда эмас, у янада такомиллаштирилади: “Биз ҳали тўхтамаймиз. Ҳар бир нур, ҳар бир товуш мукаммал бўлмагунча давом этамиз. Чунки бу шунчаки шоу эмас, бу халқнинг юраги, нурнинг тили билан сўзлаётган тарихдир”.
Ислом цивилизацияси марказидаги 3D мэппинг-шоу томошабинни нафақат ҳайратга солади, балки чуқур ўйлашга, ўз илдизларини ҳис қилишга ундайди.
Шоу якунида эса томошабин бир нарсани чуқур англайди: бу юрт – маърифатнинг бешиги, илмнинг манбаи, нурнинг ватани.


Бу шоу бизга тарихни унутмаслик – нурли келажак сари энг тўғри йўл эканлигини эслатиб туради.
Лойиҳа муаллифлари бу тажриба келгусида кенгайиб, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз каби шаҳарлар орқали бутун мамлакат миқёсида намойиш этилишини ҳам мақсад қилмоқда.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди