Ислом цивилизацияси марказининг музейида сиз “Олимпия чемпиони”га айланасиз!

Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва жадидларнинг янги ҳайкаллари бир майдонга ўрнатилади. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов,  Республика маънавият ва маърифат маркази директори, Ишчи гуруҳ раҳбари Отабек Ҳасанов ҳамда бўлим координаторлари иштирокида бўлиб ўтган лойиҳа муҳокамасида айтилди. 


Марказ музейининг "Янги Ўзбекистон - Янги Ренессанс" бўлими экспозициясини такомиллаштириш юзасидан Россиянинг "Sila sveta" компанияси  билан ҳамкорлик қилинаётгани аввалги хабарлар орқали очиқланганди. Бугун бўлиб ўтган тақдимотни айнан шу компаниянинг дизайнерлари ўтказишди.


Жараёнда "Sila sveta" компанияси директори Александр Ус "Янги Ўзбекистон - Янги Ренессанс" бўлимининг таркибий қисмлари,  экспозиция дизайни ва ундан ўрин оладиган артефактлар ҳамда медиа контентлар ҳақида маълумот берди. Тақдимот юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.


Тақдимот якунида Александр Ус қуйидагича фикр билдирди:

“Ўйлайманки, бугунги тақдимот жуда ажойиб ўтди. Марказ музейи  замонавий ускуналар орқали тарихдан сўзловчи ажойиб масканга айланади.  У ерда “VR” ва “AR” қурилмаларидан ташқари жадидлар, Ислом Каримов, Шароф Рашидов ҳамда ўзбек ёзувчилари ўзлари фойдаланган предметлар ва буюмларнинг асл намуналари ҳам бўлади.”

 

Музейда “Чемпион ойнаси” номли махсус “VR” ва “AR” қурилмалари билан жиҳозланган бурчак ташкил этилади. У ерда сиз олимпия ўйинлари қаторига киритилган исталган спорт турини танлашингиз мумкин. Замонавий технологиялар эса махсус ойнадаги аксингизни айнан мана шу спорт турига мос тушувчи кийим ва медаллар билан кўрсатади.


Бу ҳаммаси эмас! Бунданда қизиқ маълумотларни кейинги хабарларлимиз орқали билиб олишингиз мумкин.