“Ақлли навигация” сизга йўлбошловчи бўлади


 

Ислом цивилизацияси марказининг музей инфратузилмасини халқаро стандартларига мос равишда такомиллаштириш доирасида “ақлли навигация” тизими яратилмоқда.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида кенгайтирилган илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилишида марказ музейида амалга оширилаётган замонавий дизайн ва ахборот тизимларига оид муҳим лойиҳалар муҳокама этилди.

 

Йиғилишда “TOP CONGRESS” компанияси дизайн гуруҳи раҳбари Сергей Карасёв марказ ҳудудидаги ички ва ташқи навигация тизимлари ҳамда иккинчи қаватда жойлашадиган 14 та экспозиция дизайни ҳақида батафсил ҳисобот берди. Ушбу лойиҳалар халқаро ташкилотлар фаолиятини ёритиш ва ташриф буюрувчилар учун қулай йўналиш тизимини яратишга қаратилган.

 

Сергей Карасёв таъкидлашича, айни пайтда Марказ музейининг "Биринчи Ренессанс" бўлимидаги "Вақт девори" лойиҳасида бу тизим тўлиқ амалга оширилган.

 

– Марказнинг ички ва ташқи навигация тизими ҳамда музейнинг иккинчи қаватдаги экспозициялари учун ишчи дизайн лойиҳалари тайёр бўлди.

 

Янги тизимлар марказда меҳмонлар оқимини тартибли бошқариш, ҳар бир бўлимни осон топиш ва ташриф буюрувчилар учун интуитив ҳаракат йўналишини таъминлайди, – дейди Сергей Карасёв.

 

Шунингдек, марказ илмий ходими Обид Тангиров “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” экспозициясини овозлаштириш лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳага кўра, аудио тинглаш мосламаси ўрнатилиб, меҳмонлар тарихий маълумотларни эшитиш орқали экспозицияни янада теранроқ ҳис этиш имконига эга бўлади.

 

Йиғилиш якунида тақдим этилган барча лойиҳалар ўз вақтида тўлиқ якунлаш ва илмий кенгашга тақдим этиш бўйича келишувга эришилди. Шу билан бирга, марказнинг бошқа илмий ва техник йўналишларида ҳам янги босқичдаги ташаббуслар изчил давом эттирилиши белгиланди.