Илм, муҳаббат ва сиёсатни уйғунлаштирган аёл
🔴Подшоҳлар онаси, илмнинг ҳомийси

Бухоро мактабида яратилган XVI аср миниатюраси — Ҳамида Бонунинг нодир портрети бугун ҳам ислом санъатидаги юксак завқ ва маънавият рамзи сифатида қадрланади.
Асарда Ҳумоюн подшоҳнинг рафиқаси ва буюк Акбар подшоҳнинг онаси — Ҳамида Бону Бегимнинг наинки зоҳирий қиёфаси, балки унинг руҳий дунёси ҳам гўзал тарзда тасвирланган. Оппоқ чеҳра, хина билан безалган қўллар ва туркий-ҳинд услубидаги зеб-зийнатлар унинг миллатлараро ва маданиятлараро уйғунлик рамзига айлантиради.
Ҳамида Бону нафақат подшоҳнинг рафиқаси, балки илм ва маърифатнинг ҳомийси сифатида тарихда из қолдирди. У кўп тилларни билган, қўлёзма китоблар йиғган ва хаттотлар ҳамда мусаввирлар фаолият юритган кутубхона ташкил этган. Унинг саройи илм, фалсафа ва шеърият муҳокама қилинадиган маънавий марказга айланган.
Ҳамида Бонунинг ташаббуси билан Деҳлида Ҳумоюн мақбараси барпо этилди — бу иншоот кейинчалик Ҳиндистондаги ислом меъморчилигининг янги босқичига асос солди. У Хуросон ва Шероздан усталарни таклиф этиб, туркий ва ҳинд услубларини уйғунлаштирган.
Ҳумоюн қочқинликка юз тутган йилларда Ҳамида Бону уни ёлғиз қолдирмади — у маслаҳатчи, ҳамфикр ва таянч сифатида ёнида бўлди. Кейинчалик Акбар даврида ҳам у сарой сиёсатининг нуфузли иштирокчиси бўлиб қолди.
Ҳамида Бону Бегимнинг гуманистик дунёқараши ва маърифатга садоқати Бобурийлар маданиятига чуқур таъсир кўрсатди. Унинг номи бугун ҳам маърифатпарвар аёл, зиёли оналар ва санъат ҳомийлари рамзи сифатида тилга олинади.
Маълумот учун: Ҳамидабону (1527 – 1604) иккинчи Бобурий подшоҳ – Ҳумоюннинг кичик хотини ва унинг ўғли ҳамда вориси, бобурийларнинг учинчи подшоҳи – Акбарнинг онаси эди. Ҳамидабону Ҳиндистондаги энг зиёли аёллардан бири бўлган, бир неча тилларда сўзлаша олган. Китоб санъатининг ашаддий мухлиси, ажойиб кутубхонанинг эгаси бўлган. Кутубхонада қўлёзма китоблар усталари ҳам фаолият юритар, нақшлар ва сувратлар ишланар, янги китоблар тайёрланар эди. У ўз эрига садоқатли бўлиб, Ҳумоюн билан саёҳатларга бирга чиққан, шу қаторда қочқинликда юрган пайтларида ҳам унга ҳамроҳлик қилган. Акбарнинг ҳукмронлиги даврида ҳатто турли вазиятларда сиёсатга ҳам аралашган.
Ҳумоюн афғонлар етакчиси Шерхон қўшинларининг ҳужуми натижасида Деҳлидан чиқиб кетган, Синд вилоятида сургунда юрган. Бобурнинг қизи, шоира Гулбаданбегим ўзининг “Ҳумоюннома” китобида Ҳамидани ўша кунларда Ҳиндолнинг саройида тез-тез кўрганини таъкидлаган. Ҳумоюн шу тахлит Ҳамидабонуга ошиқ бўлиб қолади. “Ҳумоюннома”да ёзилишича, Ҳамидабону шаҳзода унга уйланиш қарорида юрганини эшитиб, “мен этагига ҳам қўлим етмайдиган тахт ва мартаба эгасига эмас, истаган пайтда ёқасига қўлим етиши мумкин бўлган кишига турмушга чиқаман” деб жавоб беради. Фақатгина малика Дилдорбегимнинг воситачилигида қизнинг ота-онаси уни дарбадар шаҳзодага беришга розилик беришади. Шундан сўнг қиз ҳам ноилож Ҳумоюнга турмушга чиқишга кўнади.
“Ҳумоюннома”да ёзилишича, Ҳамидабону дастлаб эрига бироз совуқ муносабатда бўлган. Аммо кейинчалик эрини қаттиқ севиб қолган ва бутун умр унга садоқат биланяшаган. Ҳумоюн ашаддий рақиби Шершоҳнинг таъқибидан қочиб, бир муддат Эрон шоҳи Таҳмосп саройида яшаган. Эронда темурий шаҳзоданинг иззат-ҳурмат билан қарши олинишига ҳам асосан унинг аёли Ҳамидабону машҳур шайх Аҳмад Жомий авлодидан эканлиги сабаб бўлганди. Малика Ҳумоюннинг сарсон-саргардонликда, Сафавийлар саройида кечган йиллари ҳам унинг ёнидан бир қадам айрилмаган. Ҳамидабону Ҳумоюндан бир ўғил ва икки қиз кўрган. Қизлари гўдаклик чоғидаёқ нобуд бўлган. Шершоҳнинг вафотидан сўнггина Ҳумоюн 1554 йилда мамлакатдаги бошқарувни қайта қўлга олади ва икки йилга яқин мамлакатни бошқаради. 1556 йилда Ҳумоюн кутилмаганда бахтсиз ҳодиса сабабли вафот этгач, унинг 14 ёшли ўғли Акбар тахтга ўтиради. Ҳамидабону ҳар доим ўғлининг ёнида бўлиб, то вояга етгунига қадар, давлат бошқарувида унга ёрдам беради. Ҳатто Акбар балоғатга етганидан кейин у сарой ва давлат бошқарувида ўз таъсир кучини узоқ муддат сақлаб қолган. Акбар ва унинг катта ўғли, валиаҳд Салим (Жаҳонгир) ўртаси юзага келган келишмовчиликлар ҳам айнан Ҳамидабонунинг ақл-заковати билан бартараф этилган. Ҳамидабону набиралари таълим-тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Жумладан, шаҳзода Жаҳонгирнинг давлат тепасига келишида ҳам катта ўрин тутган. Ўғли Aкбар ва набираси Жаҳонгир ташаббуси билан яратилган солномаларда маликанинг номи поклик ва улуғворлик тимсоли сифатида “Марями маконий” (Маконнинг Марями) сифатлари билан тилга олинади. Жумладан, унинг ҳаёти тафсилотлари қайинсинглиси Гулбаданбегим томонидан ёзилган “Ҳумоюннома”да ҳамда ўғли Aкбар даврида битилган “Aкбарнома” ва“Aйни-Aкбарий” асарларида алоҳида тасвирланади. Ҳамидабону ўғли Aкбар вафотидан бир йил олдин ва эри Ҳумоюн вафотидан деярли ярим аср ўтгач, 1604 йилнинг 29 августида вафот этган. У Aграшаҳрида, Ҳумоюн қабри ёнига дафн этилган.
Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди