“Ислом Цивилизацияси маркази — буюк ғоянинг маҳсули” – Туркия президенти вакили
🔴Туркия делегацияси Ислом цивилизацияси маркази дунёга ўрнак бўладиган лойиҳа эканлигини таъкидлади

Туркия Республикаси Президентининг ёрдамчиси Мужаҳит Арслан ҳамда мамлакатнинг етакчи нашрларидан бири — “Миллиет” газетаси бош муҳаррири Озай Шендир Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур марказ бугунги кунда дунёнинг турли мамлакатларидан келаётган делегациялар диққат марказида. Туркиялик меҳмонлар ҳам марказ экспозицияси, нодир экспонатлар ва замонавий музей ечимлари билан яқиндан танишдилар.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, санъатшунослик бўйича фалсафа доктори Фирдавс Абдухолиқов меҳмонларга муассасанинг фаолияти, мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берди. У икки давлат раҳбарларининг маданий меросни асраш ва тадқиқ этишга қаратган эътиборини алоҳида таъкидлади:
– Ислом цивилизацияси маркази — ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг буюк ғоялари ифодаси. Бу маскан нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон дунёси меросини ўрганишда муҳим майдонга айланмоқда. Ҳозирда туркиялик олимлар ва мутахассислар билан ўнлаб илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда, келгусида бу ҳамкорлик янада кенгайиши режалаштирилган. Шунингдек, марказ экспозицияси дизайнини яратишда туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда ишлаганимиздан жуда мамнунмиз, — деди у.


Туркия Президентининг ёрдамчиси Мужаҳит Арслан эса Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги таассуротларини шундай ифода этди:
– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидек муҳташам иншоотни кўриб, чин маънода ҳайратдаман. Барча бўлимлар дизайн ва мазмун жиҳатдан юксак даражада ишланган. Хусусан, исломдан аввалги давр цивилизацияси бўлимида ватандошларимизнинг меҳнати ҳам намоён бўлганини кўриб, фахрландим. Бу ишнинг муваффақиятли якунланаётгани билан сизни самимий табриклайман.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди