“Бу марказ дунё илмий харитасини ўзгартиради” — Индонезиялик эксперт




Индонезия Маданий мерос агентлиги алоқалар бўлими ходими Фифта Вардхани Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи чоғида икки мамлакатни боғлаб турувчи умумий илдизлар ҳақида фикр билдирди.


Индонезиялик мутахассиснинг таъкидлашича, Индонезия маданиятининг ўзига хос жиҳати шундаки, у ташқи таъсирларни маҳаллий анъаналар билан уйғунлаштирган ҳолда сақлаб қолган. Ҳинду-буддавий эътиқод унсурлари ислом даврида ҳам маданий қатлам сифатида яшаб қолган.



 

— Гарчи Ўзбекистон ва Индонезия географик жиҳатдан дунёнинг икки қарама-қарши нуқталарида жойлашган бўлса-да, уларни исломий ва маданий яқинлик бирлаштиради, Ислом дини Индонезияга Ғарбий Осиё савдогарлари орқали кириб келган. Улар аввало зираворлар савдоси билан шуғулланган бўлсалар, кейинчалик уларнинг диний таъсири маҳаллий халқлар орасида кенг тарқалган. Бу эса маданий алоқаларнинг шаклланишига замин яратган.


Ўзбекистон билан алоқалар ҳақида гап кетганда, Имом Бухорий ҳадисларининг кўпчилиги Индонезияда ҳанузгача ўрганилади ва қўлёзма шаклида сақланиб келинмоқда. Бу қўлёзмалар келгусида Ўзбекистон билан қўшма кўргазмаларда намойиш этилиши мумкин, — дейди у.

 

Фифта Вардхани Ислом цивилизацияси маркази қурилиши ташаббусини юқори баҳолар экан, бу маскан бутун дунё учун муҳим илмий марказга айланишига ишонч билдирди:

 

— Агар Ўзбекистон бу марказни ислом тарихи ва буюк олимлар меросини ўрганиш марказига айлантира олса, бу нафақат мамлакат, балки бутун дунё учун катта ютуқ бўлади. Чунки у ерга талабалар, олимлар ва тадқиқотчилар келиб, ислом тарихи ҳақида тўлиқ билим олиш имконига эга бўлади, — дея таъкидлади индонезиялик мутахассис.