Ўзбекистон: археологик далиллар нимани кўрсатади?
🔴 3000 йиллик тарих сири
🔴 Бугунги тараққиётнинг илдизига саёҳат
Ўзбекистон ҳудуди қадимдан Марказий Осиёнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий марказларидан бири сифатида шаклланиб келган. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази экспозицияси айнан шу тарихий давр босқичларини илмий асосланган ҳолда ёритади.
Ўзбекистон ҳудуди милоддан аввалги III асрдан бошлаб илк ўрта асрларгача давом этган жараёнлар давлат тузилмаларининг мустаҳкамланиши, шаҳарсозликнинг юксалиши, хўжалик фаолиятининг тараққиёти ва маданий ҳаётнинг янги босқичга кўтарилиши билан ажралиб туради.

Қадимги давр цивилизациясининг тараққиёти (мил. авв. III аср – милодий I аср)
Бу даврда Ўзбекистон ҳудудида илк марказлашган сиёсий тузилмалар шаклланиб, давлат бошқаруви ва иқтисодий тизимлар такомиллашган. Қадимги Бақтрия ва Суғдиёна ерларида вужудга келган шаҳарлар — Сополлитепа, Жарқўтон, Афросиёб ва Варахша — ўзининг мустаҳкам мудофаа деворлари, марказий майдонлари, саройлари ва ибодатхоналари билан ажралиб турган. Археологик топилмалар ушбу масканларда илғор қурилиш услублари қўлланилганини, лой ғишт ва пишиқ ғиштдан бунёд этилган мураккаб иншоотлар маҳаллий анъаналар билан уйғунлашганини кўрсатади.
Деҳқончилик ва чорвачилик хўжалик ҳаётининг асосий тармоқларига айланган. Зарафшон, Сурхондарё ва Қашқадарё водийларида қадимий канал ва ариқлар тизими шаклланиб, бу сув иншоотлари орқали буғдой, арпа, узум ва пахта каби экиш маҳсулотлари етиштирилган. Чорвачиликда эса қўй, қорамол, туя ва от боқиш кенг тарқалган. Бу жараёнлар Ўзбекистон ерларида инсоннинг қадимий суғориш маданияти ва аграр тажрибасининг шаклланганини исботлайди.
Диний ҳаётда зардуштийлик эътиқоди асосий ўринни эгаллаган бўлса-да, бу даврда ҳинд-будда таъсири ҳам сезилган. Бақтрия ҳудудидан топилган ибодатхона қолдиқлари ва буддавий ҳайкаллар эътиқодлар хилма-хиллигини тасдиқлайди. Маданиятда ҳайкалтарошлик, деворий расмлар ва нақшли сопол буюмлар юксак даражада ривож топган. Суғдёна ва Бақтрия ёзувлари эса давлат бошқаруви, савдо битимлари ва диний матнларни расмийлаштиришда кенг қўлланилган.
Қадимги давр маданияти ва санъати (милодий I – III асрлар)
Милодий биринчи асрларда минтақада сиёсий барқарорлик ва маданий алмашинув кучайган. Кушон империяси даврида Бақтрия, Марғиёна ва Суғдёна ҳудудлари ягона иқтисодий ва маданий маконда бирлашиб, турли халқлар ва эътиқодлар ўртасида бағрикенглик муҳити шаклланган. Шу туфайли Шарқ ва Ғарб санъат услублари ўзаро уйғунлашган.
Бу давр санъатида реалистик тасвирлар билан бир қаторда рамзий образлар ҳам кенг қўлланилган. Далварзинтепа, Фаёзтепа ва Қоратепа ёдгорликларидан топилган ҳайкаллар ва деворий безаклар ўша давр ҳаётининг бадиий ифодасидир. Заргарлик санъати юксак чўққига чиқиб, олтин ва кумушдан ясалган тақинчоқлар ноёб ишлов ва нафосати билан ажралиб туради. Кулолчилик ва тўқимачилик соҳаларида маҳаллий мактаблар шаклланиб, уларнинг маҳсулотлари Ипак йўли орқали Ҳиндистон, Хитой ва Эрон бозорларига етиб борган.
Мусиқа ва илмий-интеллектуал ҳаёт ҳам шу даврда юксалган. Буддавий ибодатхоналарда маросим оркестрлари ва диний қўшиқлар кенг тарқалган. Археологик топилмаларда шахмат ўйинига ўхшаш фигуралар аниқланган бўлиб, бу қадимий жамиятда мантиқ ва стратегия фикрлашнинг тараққий этганидан далолат беради. Расмий ёзув тизимлари такомиллашиб, давлат ишлари, тижорат ҳужжатлари ҳамда диний матнлар Суғд ва Бақтрия тилларида ёзилган.
Илк ўрта асрларда маданий юксалиш (IV – VII асрлар)
Илк ўрта асрларда Ўзбекистон ҳудудида Суғд, Хоразм ва Фарғона каби минтақаларда мустақил ҳокимликлар шаклланиб, шаҳар маданияти янги босқичга кўтарилган. Қалъа ва мудофаа иншоотларининг қурилиши, ҳокимлар саройлари, савдо марказлари ва ибодатхоналар — бу давр шаҳарсозлигининг муҳим белгиларидан бири бўлган.

Диний ҳаётда буддизм, зардуштийлик, насронийлик ва маҳаллий эътиқодлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлиб, Панжикент, Афросиёб ва Варахша деворий расмларида диний маросимлар, афсонавий саҳналар ва халқ ҳаётининг турли жиҳатлари бетакрор ранглар билан акс эттирилган.
Шаҳар деворларидаги эпиграфик ёзувлар, савдо битимлари ва расмий ҳужжатлар жамиятда саводхонлик даражаси юқори бўлганини кўрсатади. Шу даврда шахмат ўйини кенг тарқалиб, у ақл, мантиқ ва маънавият рамзига айланган.
Ҳунармандчилик соҳасида тўқимачилик, кулолчилик ва заргарлик санъатлари юксак даражада ривожланган. Суғд матолари ўзининг мураккаб безаклари, ранг-баранг нақшлари ва сифатли ипак толалари билан нафaқат Марказий Осиё, балки Византия ва Хитой саройларигача машҳур бўлган.

Милоддан аввалги III асрдан милодий VII асргача бўлган давр Ўзбекистон ҳудудида цивилизация тараққиётининг энг муҳим босқичини ташкил этади. Давлатчиликнинг мустаҳкамланиши, шаҳарсозликнинг ўсиши, маданият ва диний хилма-хилликнинг бойиши бу юртнинг жаҳон цивилизациясидаги ўрнини белгилаб берди. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази экспозицияси орқали ана шу тарихий жараёнлар тизимли равишда ёритилиб, ўзбек заминининг қадимий ва бетакрор маданий мероси илмий асосда намоён этилади.
Ҳусан Турсунов
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа