Россия муфтийлар кенгаши раиси ўринбосари: “Минг йиллик анъанага гувоҳ бўлиш — буюк воқеа”


 


 

Россия муфтийлар кенгаши раиси ўринбосари, Москва Ислом институти ректори Дамир Муҳиддинов маънавият ва илмни уйғунлаштирган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилганини юксак баҳолади. Дарҳақиқат, Марказ музейининг энг бебаҳо дурдоналаридан бири сифатида, шубҳасиз, ўтган йили ёзда Саудия Арабистони томонидан Ўзбекистонга тақдим этилган Каъба ёпинчиғи — кисва ва машҳур Усмон Қуръони намойиш этилган Қуръони карим залини аташ мумкин.  Дамир Муҳиддиновнинг қайд этишича, бундай масканга ташриф, инсонни Аллоҳнинг уйига, Каъбага боришга олдиндан руҳий тайёрлайди.

 

– Кисва — Маккадаги муқаддас Каъба ёпинчиғи ҳар йили янгиланади, ечилган кисва эса, бўлакларга кесилиб, муайян шахсларга, расмийларга, музей ва ташкилотларга тақдим этилади. Ўзбекистондаги Ислом Цивилизацияси маркази музейи экспозициясида муқаддас Каъба ёпинчиғининг эшик қисми ва Каъба эшигининг калитлари инсталляцияси ўрин олган. Кисвани яқинидан кўриш, уни диққат билан томоша қилиш — бу, маълум маънода, Аллоҳнинг уйи — Каъбага кичик бир “виртуал” ҳаж сафарини адо этиш кабидир. Бу инсон қалбида яна бир бор муқаддас жойга бўлган муҳаббатни уйғотади. Ички туйғуларимиз, бу воқеа учун тайёргарлик кўриш, маблағ йиғиш, режалаштириш, “шу йил дам олиш учун курортга борайми ёки диний бурчимни адо этайми?” деган савол устида ўйлаш билан бошланади. Шундай қилиб, бундай масканга ташриф, инсонни Аллоҳнинг уйига, Каъбага боришга олдиндан руҳий тайёрлайди.

 

Исломнинг буюк зотлари томонидан кўчирилган нодир дурдона — Усмон Қуръонини кўриш ва уни кисва билан уйғун ҳолда томоша қилиш катта, унутилмас таассурот қолдиради. Аллоҳ таолонинг марҳамати ила мен бу улуғ илм, маданият ва цивилизациялар ибодатхонасида бўлдим, Кисвани ўз кўзим билан кўриб, қўлим билан ушлаб ҳатто суратини ҳам олдим. Эҳтимол, бу суратни уйимнинг энг кўринадиган жойига илиб қўяман.

 

Усмон Қуръони — исломнинг муқаддас китоби Қуръоннинг энг қадимий қўлёзма нусхаларидан (мусҳафларидан) биридир. Пайғамбар Муҳаммад (с.a.в.)нинг саҳобаларидан бўлган Усмон ибн Аффон 647 йилда Қуръоннинг бир неча нусхасини тайёрлашни буюриб, уларни турли минтақаларга юборган. ХIХ асрнинг иккинчи ярмигача ушбу қўлёзма Самарқанддаги Хўжа Аҳрор Вали масжидида сақланган. 1869 йилнинг май ойида Самарқанд Россия империяси томонидан босиб олингач, мусҳаф Санкт-Петербургга олиб кетилган. 1922 йил августида Туркистон мусулмонларининг талабига биноан муқаддас китоб Тошкентга қайтарилган. Ҳозирги кунда Усмон Қуръони Ҳазрати Имом мажмуасидаги “Мўйи Муборак” масжидида сақланади. Музей экспозициясида бошқа муқаддас китоблар, жумладан, уларнинг нусхалари ва факсимилелари ҳам ўрин олган. Нусхалари кўпайтирилганда уларнинг қадр-қиммати камаймайди, аксинча, Пайғамбаримиз (с.a.в.) ҳадисларида шундай дейилади: “Қуръоннинг ҳар бир ҳарфини ўқиган одам ажр ва савоб олади”. Унда фақат энг қадимий, қўлёзмадан ёки фақат босма нусхадан ўқилсин дейилмаган. Ҳар қандай билимни етказиш шаклидан қатъий назар қабул қилинади ва қадрли ҳисобланади. Бошқа томондан, хаттот қўли билан битилган нусха нафосат ва гўзалликка эга бўлса-да, унда анча-мунча хатолар учраши мумкин.

 

Маълумки, турли жойларда сақланиб келаётган ёки топилган Қуръоннинг илк қўлёзмалари сезиларли даражада хатоликларни ўз ичига олган. Масалан, машҳур Қуръон кодекси (ислом ёзма анъанасининг дастлабки даврига оид, VII–VIII асрлар) бунга ёрқин мисолдир. Унинг катта қисми бизда, Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Бундан кўриниб турибдики, кейинги давр хаттотлари, Қуръон билимдонлари асл матнга тузатишлар киритган. Шунинг учун тажвид ва улум ал-Қуръон каби фанлар нуқтаи назаридан, бугунги кунда қайта нашр этилган ва таҳрир қилинган Қуръон нусхасидан ўқиш анча тўғри ва ҳаққонийдир. Аммо меросни етказиш, айниқса, унинг ҳақиқийлигини асраш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этади.

 

Баҳсларда “автентик Инжил” ёки “автентик Қуръон” ҳақида гапирилганда, бу кўпинча тортишувга сабаб бўлади: исломнинг мухолифлари гўёки Усмон (р.a.) ёки унинг давридаги котиблар томонидан ёзилган асл Қуръон нусхаларидан бирортаси ҳам сақланиб қолмаган, деб даъво қиладилар. Аммо биз дунёнинг турли бурчакларидан артефактларни тўплаб, кўрсатамиз: Куфа, Басра, Бағдод ва бошқа ҳудудларда битилган мусҳафлар бор — шу билан Қуръон бизга Пайғамбар Муҳаммад (с.a.в.) даврида қандай ёзилган бўлса, ҳозирги кўринишида шундай етиб келганини тасдиқлаймиз. Ҳа, талаффуз ва лаҳжаларда фарқлар мавжуд — улар маълум, ўрганилган ва ҳам оғзаки, ҳам ёзма анъанада авлоддан-авлодга етказилган. Илк араблар ёзма асарларни кенг тарқатмаганлар — билим, асосан, оғзаки тарзда узатилган. Қуръоннинг айнан китобий анъанага асос бўлгани жуда кўп нарсани англатади ва катта масъулият юклайди. Қуръон кейинчалик филология ва унга боғлиқ фанларга — тилшуносликка, терминологияга, маъноларни англаш қоидаларига, жумла тузилишига ва ҳоказоларга таъсир кўрсатган. Шу маънода Қуръон ниҳоятда автентикдир; уни тўплаш, ёдлаш, ўрганиш, илк асрларда хаттотлик қандай ривожланганини, қайси йўналишлар бўлганини, матн қандай безатилганини билиш ниҳоятда қизиқ. Бу бутун бошли мактаблардир — Ҳирот, Шероз, Исфаҳон мактаблари. Ҳар бир давр Қуръон саҳифаларига ўзининг гўзаллик ва маданият ҳақидаги тушунчасини олиб киришга интилган. Шундай мусҳафларнинг бундай марказларда тўпланиши, уларни кўз билан кўриб, минг йиллик анъанага гувоҳ бўлиш — албатта, буюк воқеа. Мен бежиз “илм ибодатхонаси” деган ифодани ишлатмаяпман. Музей — бу шовқин жойи эмас, айнан ибодатхонадир. Шовқинни ҳатто Каъбани тавоф қилиш вақтида ҳам топиш мумкин, чунки энг муқаддас жойда ҳам миллионлаб одамлар ҳаж ёки умра адо этар экан, шошадилар, оёқни босадилар, баъзилар ғазаб таъсирида итариб юбориши ҳам мумкин — бундай ҳолатларни мен кўп марта кўрганман. Шовқинни ҳамма жойда учратиш мумкин. Энг муҳими — у қалбда ва кўнгилда бўлмаслиги. Айнан кисвани ва Қуръонни томоша қилиш инсоннинг қалбига сокинлик — осойишталик, руҳий мувозанат, қониқиш, хотиржамлик бағишлаши мумкин. Биз ҳам Россияда, илм ва таълим масканларида Қуръон саҳифаларидан намуналарни, унинг унсурларини жойлаштиришга интиламиз: одам шовқин-суронга берилган бўлса ҳам, бу ёзувларга, бу буюк ёдгорликларга назар ташлаб, тинчланади, хотиржамлик топади, ўз хулқини, ҳаёт тарзини қайта кўриб чиқади ва шовқин барҳам топади.