Фаластинлик олим: “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бутун мусулмон оламига илҳом манбаи бўлади”

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Фаластин Ислом меросини тиклаш ва ўрганиш маркази раиси Халил Мунир Каража ташриф буюрди.
Меҳмон марказнинг асосий экспозицияси, илмий-тадқиқот лабораториялари, ахборот-таҳлил бўлимлари ҳамда кутубхона фаолияти билан яқиндан танишди.


Марказнинг бош мутахассиси Мавлуда Каримова ташриф буюрувчига кутубхона фонди, унинг фаолияти, тадқиқотчилар ва китобхонлар учун яратилган замонавий имкониятлар ҳақида маълумот берди.
Фаластинлик меҳмон Ўзбекистонда яратилаётган илмий-маърифий муҳитни, хусусан, ислом тарихи ва маданиятини сақлаш ва тарғиб этиш йўналишидаги кенг кўламли ишларини юксак баҳолади.
Халил Мунир Каражанинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон дунёси учун маънавий ва маданий аҳамиятга эга илмий масканга айланган.
“Мен Ўзбекистонда шундай Президент борлигидан фахрланаманки, у зот ислом цивилизацияси, маданияти ва меросининг моҳиятини чуқур англайди. Бу марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун араб ва ислом олами учун нур сочувчи маънавий масканга айланади. Мен бу ерда бой ва гўзал маданий хазинани кўрдим — улар мусулмон дунёси учун илҳом манбаи бўлиши мумкин”, — деди у.
Халил Мунир Каража, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотида исломий ва инсоний ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Меҳмон Фаластин ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантириш, илмий ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини қайд этди. У келгусида Фаластинда чоп этилган ислом маданияти ва цивилизациясига оид китобларни марказ кутубхонасига тақдим этиш ниятини билдирди.
Учрашув якунида фаластинлик олим Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилакларини изҳор этар экан, икки халқни бирлаштириб тураётган умумий тарих, маънавий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш муҳимлигини таъкидлади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа