“Янги Ўзбекистон”нинг янги овози – тарих, медиа ва технология бирлашмоқда




Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори бўлимида мамлакатдаги ислоҳотлар статистика ёки рақамлар эмас, балки одамлар, орзулар ва бунёдкорлик ҳақидаги ҳаётий ҳикоялар билан тақдим этилади.


Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази музейидаги “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлими бугунги кунда мамлакат тараққиётининг янги босқичини ифодалаётган замонавий концепцияга айланмоқда. Бу лойиҳа фақат музей экспозицияси эмас, балки рақамли медиа, видеоҳикоялар ва визуал технологиялар орқали Ўзбекистоннинг янги қиёфасини намоён этаётган улкан мультимедиа платформа ҳисобланади.

 

Лойиҳа доирасида таълим, фан, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, маданият ва туризм каби соҳаларни қамраб олган видеоконтентлар тайёрланмоқда. Улар орқали мамлакатдаги ислоҳотлар инсон тақдири ва ҳаётий мисоллар орқали ҳикоя қилинади. Ҳар бир ролик статистика ёки рақамлар эмас, балки одамлар, орзулар ва бунёдкорлик ҳақида сўзлайди.

 

Ҳар бир вазирлик ва идора ушбу ташаббус доирасида ўз йўналишига мос ҳикоя яратмоқда: 


➖ Таълим ва фан тизими – билим, инновация ва тафаккур уйғунлигини ёритади.


➖Иқтисодиёт ва молия сектори – рақамлар ортидаги реал ўзгаришларни, янги иш ўринлари ва имкониятларни кўрсатади. 


➖Соғлиқни сақлаш тизими – инсон саломатлиги ва ижтимоий фаровонликни асосий қадрият сифатида талқин этади. 


➖Маданият ва туризм соҳаси – Ўзбекистоннинг тарихий мероси ва замонавий туризм салоҳиятини бирлаштиради. 


➖Спорт ва ёшлар йўналиши – ҳаракат, ирода ва янгиланиш руҳини ифодалайди. 


➖Ҳар бир йўналиш учун тайёрланаётган лойиҳалар — бу бир вақтнинг ўзида маълумот, таҳлил ва илҳом манбаи бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.



 

Мазкур лойиҳаларни амалга оширишда ишларни янада тизимли ташкил этиш мақсадида ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва идоралар вакиллари видеоконтентлар яратиш, мультимедиа экспозициялар тайёрлаш ҳамда тематик йўналишлар бўйича вазифаларни тақсимлаш масалалари муҳокама қилинди.

 

Медиалойиҳалар Россиянинг “Сила света” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий меросини халқаро миқёсда замонавий услубда намоён этиш имконини беради.


Ҳар бир видеолойиҳа Ислом цивилизацияси марказининг илмий йўналишлари билан уйғун ҳолда тайёрланмоқда — маълумот ва илмий таҳлил бирлашган янги форматда.




Олимжон Ўсаров, Мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи, маънавий-маърифий масалалар ва ёшлар ишлари бўйича маслаҳатчиси:

 

– Мажмуанинг ташаббускори, бунёдкори муҳтарам Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб “яқин кунларда бу марказнинг расмий очилиш маросими бўлади” деб эълон қилди. 


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази деб аталган бу мажмуада бизнинг мана шу муқаддас заминимизда ҳаёт, инсоният, кишилик жамияти пайдо бўлган даврдан шу кунгача бўлган барча ютуқлар ўз аксини топган. Бу энг замонавий кўринишда, энг замонавий ёндашув асосида қилинмоқда. Мақсад нима? Энг аввало, ўзлигимизни англаш. Бизнинг уч ярим минг йиллик бой тарихимизни нафақат юртдошларимизга, балки жаҳон оммасига намойиш этиш.

 

Бу бўлим нафақат илмий экспозиция, балки кенг жамоатчилик учун кўриш, эшитиш ва ҳис этиш орқали англанадиган янги маданий платформага айланмоқда.


Контентлар уч — ўзбек, рус ва инглиз тилларида яратилиб, интерактив кўргазмалар, виртуал экспозициялар ва халқаро тақдимотларда намойиш этилади.