“Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон йўқолган тарих саҳифаларини қайта жонлантирмоқда” – Айсима Мирсултон
🔴 Бобурийлар қўлёзмалари бирлашмоқда
🔴 Жаҳонгир альбоми: йўқолган тарих саҳифалари яна Ватанга қайтмоқда
Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Тошкентда бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази ҳали кенг жамоатчиликка тақдим этилмаган бўлса-да, аллақачон халқаро майдонда эътирофга сабаб бўлмоқда. Яқинда ўтказилган “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” мавзусидаги халқаро экспертлар форумида 20 га яқин давлатлардан иштирок этган 100 дан ортиқ хорижий олимлар ҳам Марказнинг ташкил этилиши Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислом дунёсига қилган туҳфаси эканлигини алоҳида таъкидлашди. Халқаро эксперт, Берлин Давлат кутубхонаси Шарқий Осиё бўлими илмий ходими Айсима Мирсултоннинг фикрича, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – Ўзбекистоннинг янги қиёфасини дунёга намоён этмоқда.
Шунингдек, Марказ музейининг экспозицияларини кўздан кечириб, ўз фикр-мулоҳазалари, таклифлари, экспертлик хулосаларини билдиришди.

Хусусан, Айсима Мирсултоннинг фикрича, Бобурийлар нафақат Ҳиндистон тарихида, балки ўзбек миллий ўзлигида ҳам муҳим из қолдирган сулоладир.
– Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг ворислари – Ҳумоюн, Акбар, Жаҳонгир, Шоҳжаҳон – ўз салтанатларини Ҳиндистонда барпо этган бўлсалар-да, улар туркий сулола, яъни бизнинг аждодларимиз авлодидан эди. Шу сабабли уларнинг маданий мероси ва сиёсий қарашлари ўзбек тарихининг ажралмас қисми.
Бобурийлар даврида яратилган бебаҳо қўлёзмалар, санъат намуналари, архитектура дурдоналари бугун бутун дунё музейларида сақланмоқда. Улар фақат Ҳиндистон эмас, балки инсоният маданиятининг умумий бойлигига айланган.
Иккинчи Ренессанс ғояси айнан шуни ифода этади – тарихга қайтиш орқали янги уйғониш, миллий ўзликни жаҳон саҳнасида намоён этиш жараёни. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон ана шу буюк тарихий саҳифани қайта жонлантирмоқда. Бобурийлар эса бу жараёнда аждодлар билан замон ўртасидаги маънавий кўприк вазифасини бажармоқда.
– Сизнингча, Бобурийларни ўрганишда халқаро ҳамкорликнинг қайси йўналишлари Ислом цивилизацияси маркази учун истиқболли?
– Мен кутубхона соҳасига ихтисослашганман, шунинг учун қўлёзмалар йўналишини энг муҳим, деб ҳисоблайман. Бобурийлар даврида яратилган қўлёзмалар, альбом ва тўпламларни излаб топиш, уларни ўрганиш ва факсимил нусхалар орқали жамоатчиликка тақдим этиш бугуннинг долзарб вазифасидир.
Айниқса, мен ҳозирда Жаҳонгир альбоми бўйича лойиҳа олиб бормоқдаман. Дунё бўйлаб тарқалган қадимий саҳифалар орасида ҳали илмий жиҳатдан етарлича ўрганилмаган намуналар кўп. Қизиғи шундаки, айримлари “форсийча” ёки “ҳиндча” деб таснифланган бўлса-да, аслида чиғатой тилида, яъни туркийда ёзилган. Бу – бизнинг маданий изимиз, тарихий тил меросимиз.
– Яқинда сиз Берлинда Навоий ва Бойсунғур Мирзонинг ғазалларини жамлаган альбом топилганлигини маълум қилдингиз. Ушбу манба ҳақида батафсил сўзлаб берсангиз.
– Биз бу асарни “Жаҳонгир альбоми” деб атаймиз. Унинг 26 саҳифаси ҳозир Берлиндаги кутубхонада сақланмоқда, бошқалари эса Англия ва Америкада тарқалган. Агар барчасини йиғсак, тахминан 150 саҳифали улкан тўплам ҳосил бўлади.
Альбомда нафақат миниатюралар, балки уларга ҳамоҳанг шеърий парчалар, девонлардан олинган байтлар ҳам мавжуд. Айрим саҳифаларда Ҳусайн Бойқаро ёки Алишер Навоий асарларидан парчаларни учратиш мумкин. Бу қўлёзмалар тилшунослик, палеография ва маданиятшунослик нуқтаи назаридан беқиёс манба ҳисобланади.
Ҳозир биз ҳар бир саҳифани аниқ таҳлил қилиб, унинг тили, ёзуви ва мазмунини илмий жиҳатдан қайта тавсифлаш устида ишлаяпмиз. Бу иш нафақат илмий, балки эстетик жиҳатдан ҳам ўта муҳим — чунки ҳар бир саҳифа нафис безак ва бадиий руҳ билан суғорилган.
– Марказ учун шундай ноёб қўлёзмалар ёки факсимиллардан тақдим этасизми?
– Биз ҳозир Жаҳонгир альбоми саҳифаларини жаҳон кутубхоналаридан йиғиб, унинг тўлиқ факсимил нашрини тайёрлашни режалаштирганмиз. Лойиҳа икки босқичдан иборат:
1️ Факсимил нусхаларни яратиш;
2️ Кейинчалик изоҳлар, таржималар ва илмий таҳлиллардан иборат икки томлик нашрни тайёрлаш.
Айни пайтда Эроннинг Гулистон саройи билан музокаралар олиб борилмоқда – уларда тахминан 40 та саҳифа мавжуд. Шу орқали бутун дунёда тарқалган қисмларни йиғиб, ягона тарихий тўпламни қайта тиклаш ниятидамиз.
– Бобурийларга оид ҳали очилмаган материаллар яна қайси хорижий архивларда, жумладан, Германияда бор?
– Ҳозир қайси кутубхонада нима борлигини аниқ айтиш қийин, аммо агар биз Жаҳонгир альбоми лойиҳасини муваффақиятли амалга оширсак, бошқа давлатлар ҳам ўз архивларини очишга қизиқиш билдиришади.
Энг муҳими – илмий ва маданий ишончни қозониш. Агар биз илмий холислик ва эстетик ҳассосликни намоён этсак, бошқалар ҳам “Бизда ҳам Бобурийлар мероси бор” деб эшикларини очишади. Бу тарихни тиклашнинг энг гўзал йўлидир.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа