Дипломатиянинг илк қадамлари: Темур ва Карл VI ёзишмалари

 

🔴 Тарих билан “суҳбатлаштирувчи” экспозиция


🔴 Жаҳон тарихини ўзгартирган мактублар



 

XIV аср охирида буюк саркарда Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасида бўлган ёзишмалар, Ватикан элчиси Иван Гринлонинг Темур саройига оид хотиралари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида тақдим этилади. Бу ҳужжатлар нафақат дипломатия тарихининг ноёб саҳифаси, балки халқимизнинг илмий ва маданий меросини жаҳонга танитувчи беқиёс манбалардир.

 

Ислом цивилизацияси маркази музейидаги Иккинчи Ренессанс бўлимида илк исломий манбалар, ўрта аср олимлари қўлёзмалари ва Амир Темур даврига оид нодир ҳужжатлар — барчаси бир маконда жам бўлган.

 

Марказнинг Амир Темур даврига бағишланган экспозициясида соҳибқирон фаолиятининг ҳар бир жиҳати — давлат бошқаруви, ички сиёсат ва халқаро алоқалар илмий асосда намойиш этилади. Бу ерда намойиш этилаётган ҳужжатлар орасида араб алифбосида ёзилган ёрлиқлар, мактублар ва сарой ёзишмалари бор. Улардан бири — Амир Темурнинг Хоразмдаги сайидзодалар авлодларига берган ёрлиғи бўлиб, у буюк сардорнинг уламоларга бўлган ҳурматини ифода этади.  

 

– Ҳар бир даврнинг ўз қонунияти бор: вақт ўтган сари артефактлар сони камаяди. Лекин Амир Темур даврини ёритувчи оригинал манбаларнинг сақланиб қолгани — тарих учун катта бахт, — дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти катта илмий ходими Санжар Ғуломов.

 

Экспозициянинг энг қизиқарли қисми — Амир Темурнинг Франция қироли Карл VI ва Ватикан билан ёзишмалари. 1402 йилда ёзилган бу хатлар жаҳон дипломатияси тарихидаги энг қадимий ёзишмалардан ҳисобланади. Улар билан бирга Ватикан вакили Иван Гринлонинг “Амир Темур саройи ҳақида хотиралар” асари ҳам намойиш этилмоқда. Унда Темур саройи ҳаёти, давлат бошқаруви ва халқаро муносабатлар ҳақида батафсил маълумотлар берилган.

 

Бу ҳужжатлар Амир Темурнинг нафақат буюк саркарда, балки дипломатик маҳоратга эга давлат арбоби бўлганини кўрсатади. У Франция, Ватикан, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар билан фаол сиёсий муносабатлар ўрнатган.

 

Қайд этиш керакки, музей экспозициясидан жой олган кўпгина экспонатлар оригинал бўлиб, асрлар давомида сақланиб келган нодир манбалардир. Аввалроқ хабар қилганимиздек, Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасидаги ёзишмаларнинг Ўзбекистонга олиб келиниши кутилган эди ва эндиликда ушбу тарихий ҳужжатлар музей экспозициясидан муносиб ўрин олди. Шу билан бирга, замонавий технологиялар ёрдамида меҳмонлар қўлёзмаларни электрон форматда кўриш ёки интерактив усулда ўқиш имконига эга бўлади.