PAKISTAN OBSERVER: “Ўзбекистон Ислом цивилизациясининг янги марказига айланди”
Покистон Ислом Республикаси Билим ва Давлат Сиёсати Маркази Президенти, Хитой бўйича минтақавий эксперт, Шарқий ва Марказий Европа Ҳамкорлиги (СРEС) ҳамда «Ипак Йўли» ташаббуси бўйича мутахассис, доктор Меҳмуд ул Ҳасан Хоннинг Ўзбекистон буюк мутафаккирлар, донишмандлар ва яратувчан шахслар замини сифатида тарихда алоҳида ўрин тутгани, билимга асосланган жамият, мантиққа таянган ишонч, барқарорлик ва фаровон ҳаёт руҳини эътироф этгани ҳақидаги мақоласи Покистоннинг “Pakistan Observer” нашрида эълон қилинди.
Муаллиф мақолада бугун Ўзбекистон яна бир бор Марказий Осиёда тарихий аҳамият касб этувчи мамлакат сифатида эътироф этилаётганига эътибор қаратаркан, “бунинг ёрқин намунаси сифатида янги барпо этилган “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ)”ни кўрсатиш мумкин”, деб ёзади.
Мақолада келтирилишича, Тошкентдаги тарихий Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида жойлашган бу марказ маданий ва илмий жиҳатдан улкан аҳамиятга эга иншоот бўлиб, кўп маданиятлилик, этник хилма-хиллик, бағрикенглик, динлараро тотувлик ва илмий тафаккур учун мукаммал майдон бўлиб хизмат қилади.
ИЦМнинг бунёд этилиши Ўзбекистон Республикасини дунёдаги энг йирик маданият марказлари — Париждаги Лувр, Вашингтондаги Смитсон институти ва Араб дунёси институти қаторига қўшди. У замонавий музей, илмий тадқиқот мажмуаси, ислом цивилизациясининг яратувчанлик ва мулоқотдаги ролини намоён этувчи марказ, илм, инновациялар, кутубхона ва таълимни бирлаштирган ягона маскан сифатида янги авлод олимлари, тадқиқотчилари ва мутафаккирларини илҳомлантиради.
Марказ Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 июндаги фармони билан ташкил этилган. 2018 йил 15 июнь — Рамазон ҳайити куни унинг пойдеворига тамал тоши қўйилган. 2025 йил ноябрь ойида оммага очилиши режалаштирилган ушбу марказ Ўзбекистоннинг бой исломий меросини асраб-авайлаш ва улуғлаш борасидаги қатъий иродасини акс эттиради.
Марказдаги санъат асарлари тарихчилар, меъморлар ва усталар томонидан пухта танлаб олинган бўлиб, улар Ўзбекистон тарихига саёҳат қилиб, ислом олимларининг фан, маданият ва таълим соҳасидаги буюк ҳиссасини ёритади. Шу билан бирга, марказ ёшлар орасида инсонпарварлик, тарихга ҳурмат ва бағрикенгликни тарғиб этади, тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази UNESCO ва ICESСО каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда фаолият юритиб, маданиятлар ва динлар ўртасидаги мулоқот учун идеал платформа яратади. У ҳар томонлама таълимни ривожлантириб, экстремизмга қарши тура оладиган, исломнинг тинчликпарвар моҳиятини, бағрикенглик, тараққиёт ва уйғунлик қадриятларини тарғиб этади.
Марказда беш асосий бўлим мавжуд:
➖ Қуръони Карим зали
➖ Исломдан аввалги давр цивилизациялари,
➖ Биринчи Ренессанс,
➖ Иккинчи Ренессанс ва Хонликлар даври,
➖ Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори.
Улар инсоният тараққиётидаги узвийлик, маданий ва илмий изчиллик ҳамда цивилизациялараро мулоқотни ифодалайди.
Марказда реставрация лабораторияси, конференция заллари ва UNESCO , ICESСО , Оксфорд Ислом Тадқиқотлари Маркази каби халқаро ташкилотларнинг офислари жойлашган. Шунингдек, Туркия, Россия ва Марказий Осиёнинг юздан ортиқ илмий муассасалари, музейлари ва кутубхоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
ИЦМ — Ислом маданий мероси учун глобал марказ сифатида Малайзиядаги Ислом санъати музейи, Туркиядаги Сулаймония кутубхонаси, Қозоғистондаги Азрет-Султон мажмуаси ва Италиядаги Болонья университети кутубхонаси коллекцияларини намойиш этувчи халқаро кўргазмаларга мезбонлик қилади. У замонавий экстремизмга қарши маърифат орқали курашишда, тинчликни тарғиб этишда ва глобал мулоқотга замин яратишда муҳим ўрин тутади.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ИЦМ қурилиши орқали Ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатидаги ролини янада мустаҳкамламоқда. Бу марказ ислом меросининг қайта тикланиши, Марказий Осиёнинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссасининг рамзига айланди. Шу сабабли, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази миллий фахр ва халқаро мулоқот ойнаси сифатида эътироф этилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини нафақат миллий ўзликни мустаҳкамлаш, балки исломнинг бағрикенглик, маърифат ва тараққиёт қадриятларини бутун дунёга ёйиш мақсадида стратегик лойиҳа сифатида илгари сурган.
Дунёдаги энг қадимий Қуръон нусхаларидан бири — Усмон мусхафининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида сақланиши бу марказни оддий музей эмас, балки ислом цивилизациясининг руҳий гувоҳига айлантиради.
Бу орқали Ўзбекистон дунёга аниқ бир хабар юборди: Марказий Осиё ислом меросини асровчиси бўлиш билан бирга, интеллектуал уйғониш ва жаҳон маданиятининг янги драйверига айланмоқда.
Яқинда дунёнинг 100 дан ортиқ халқаро экспертлари Ўзбекистонда тўпланиб, ислом меросини ўрганиш ва асраш борасидаги ушбу муҳим ташаббусни муҳокама қилдилар. Уларнинг барчаси бу марказни “Ислом мероси намойиши йўлидаги муҳим бурилиш” деб эътироф этишди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи давомида Президент Мирзиёев марказни тарихий аҳамиятга эга, асрлар давомида халқ хизматида бўладиган иншоот сифатида таърифлаб, унинг ҳар бир нақши тарихга муҳрланишини таъкидлади. У бу лойиҳани “Исломни эзгулик, инсонпарварлик ва маърифат дини сифатида намоён этувчи маданий ва маънавий ташаббус” деб атади.
БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида эса Президент Мирзиёев шундай деди:
“Жамиятда бағрикенглик сиёсатини изчил давом эттирар эканмиз, ислом маърифатпарварлиги ғояларини ўрганиш ва уларни бутун дунёга тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз.”
Кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди
