Ўзбекистон — буюк цивилизация маркази



 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази сўнгги пайтларда халқаро миқёсда катта эътибор қозонмоқда. Марказга турли мамлакатлардан нуфузли олимлар, сиёсатшунослар ва маданият намояндаларининг ташрифлари ортиб бормоқда.

 

Шу кунларда Марказ меҳмони — россиялик сиёсатшунос, халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Тимофей Бордачев бўлди. У Ислом цивилизацияси марказининг “Исломдан аввалги давр”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс” ҳамда “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс асоси” бўлимлари билан яқиндан танишди.

 

Бордачев ташриф чоғида экспозициядаги оргинал артефактлар, инновацион медиа-лойиҳалар ва илмий концепцияни юқори баҳолади.

 

“Айтишим керакки, бу жуда ажойиб тажриба. Бу марказни кўришнинг ўзиёқ катта завқ ва билим манбаи. Гарчи ҳали расмий очилиш бўлмаган бўлса-да, бу ер шунчаки музей ёки кўргазма эмас — ҳақиқий илмий ва маданий марказдир”, — деди у.

 

Россиялик олим таъкидлашича, Ислом цивилизацияси маркази нафақат музей ёки кутубхона, балки халқаро илмий-тадқиқот платформаси сифатида ҳам долзарб аҳамиятга эга.

 

“Бу марказ ислом цивилизациясини ўрганишни ривожлантиради ва замонавий Ўзбекистоннинг буюк цивилизация маркази эканини исботлайди. Ўзбекистон ўз тарихига ва маданий меросига ниҳоятда эҳтиром билан қарайди. Академик Бартольд ўз асарларида Туркистон тарихи Россия ва Европаникидан тўрт баробар қадимий эканини айтган эди. Бугун бу ерда бўлиб, мен бу гапнинг нақадар тўғрилигини ўз кўзим билан кўрдим”, — деди Тимофей Бордачев.

 

Ташриф якунида меҳмонга “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумининг китоб альбоми тантанали равишда совға қилинди.