Саккокий адабий мероси оммалаштирилади

Саккокий адабий мероси ўзбек мумтоз адабиётида ўз ўрнига эга. У Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида яшаб ижод қилган шоирлардан биридир. Унинг девони қўлёзма ҳолида сақланиб қолганлиги билан аҳамиятли. Шоир ёзган қасидалар унинг қачон яшагани ҳақида маълумот беради. Унинг йирик қасидалари темурийзодалар – Халил Султон ва Мирзо Улуғбекка бағишлаган бўлиб, шоирнинг тахминан XIV асрнинг 70-80-йилларида туғилиб, XV асрнинг ўрталарида вафот этганини билиш мумкин. 


Саккокий – адибнинг тахаллуси. Унинг асл исми номаълумлигича қолган. “Саккокий” сўзи “пичоқчи” маъносини англатади. Бу адиб шуғулланган касбга ва сатрларининг пичоқдек кескирлигига ишора бўлса ажаб эмас. Саккокийнинг яна Арслон Хўжа Тархон, Хўжа Муҳаммад Порсоларга  аталган қасидалари машҳур бўлиб, улар эл оғзига тушган. У ўз асарларида  халқ оғзаки ижоди намуналарига кўп мурожаатлар қилган. 


Саккокий – ғазалнавис шоир. Унинг ғазалларида ишқ, ошиқлик, ҳижрон изтироблари, висол лаззати уфуриб туради. Бир сўз билан айтганда, Саккокийнинг ўзбек мумтоз адабиёти учун қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Уларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан шоир ижодини оммалаштиш ишлари амалга оширилмоқда. Айни кунда шоирнинг асарлари асосида илмий ишланма ва қизиқарли контентлар тайёрланмоқда. Китобларнинг факсимиле нусхалари яратилиб, Марказ экспозицияси учун тайёрланмоқда. Қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини яратиш бўйича Марказ томонидан тузилган олимлар жамоаси иш олиб бормоқда.