Ислом матбаачилиги тарихидаги илк босма Қуръонлардан бири энди Ислом цивилизацияси марказида


🔴 Россиянинг “Медина” нашриёти томонидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ноёб асарлар тўплами тантанали равишда ҳадя қилинди.




Тошкент шаҳридаги «Буюк ўтмиш мероси — маърифатли келажак асоси» халқаро форуми доирасида Россиянинг “Медина” нашриёти томонидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ноёб асарлар тўплами тантанали равишда ҳадя қилинди.

 

2008 йилда Москвада ташкил этилган “Медина” нашриёти қисқа фаолият даврида 2000 дан зиёд илмий, маърифий ва таълимий асарларни нашр этган. Энди ушбу бой тўплам марказ фондини янада бойитиб, келгусидаги тадқиқотлар учун муҳим манба сифатида хизмат қилади.

 

Маросимда ҳадя этилган энг қимматли нусхалардан бири — мусулмонлар томонидан илк бор нашр этилган Қуръони Карим бўлди. Бу муқаддас китоб 1787 йилда Санкт-Петербург шаҳрида чоп этилган бўлиб, ислом матбаачилиги тарихидаги илк босма Қуръонлардан бири сифатида жаҳон маданий меросида алоҳида ўрин тутади.

 

— Ислом цивилизацияси марказига бундай тўпламни тақдим этиш биз учун катта шараф, — деди “Медина” нашриёти раҳбари Иляс Садури. — Бу ҳадя орқали биз илмий ва маърифий ҳамкорликни мустаҳкамлашни, Марказ фаолияти орқали ёш авлодга тарихий меросни етказишда ўз ҳиссамизни қўшишни мақсад қилганмиз.

 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26–27 сентябрь кунлари Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган халқаро форумда 20 дан зиёд мамлакатдан 100 дан ортиқ олим ва экспертлар иштирок этди. Улар орасида IRCICA, ICESCO, TURKSOY, Бутунжаҳон ислом олами робитаси, Оксфорд университети, Россия Фанлар академияси ва Christie’s каби нуфузли ташкилотлар вакиллари ҳам бор эди.


Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини сақлаш ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш борасидаги ташаббуслари юқори баҳоланди.


Форум доирасида Қуръон зали, илк цивилизациялар, Ренессанслар, музей иши, рақамлаштириш ва халқаро ҳамкорлик каби йўналишларда 10 та илмий шўъба йиғилиши ўтказилди.