Марказий Осиё аҳолисининг кийиниш маданияти интерактив тарзда намойиш этилади


🔴 Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейига ташриф этувчилар учун тарихни нафақат кўриш, балки ҳис этиш имкони кутиляпти




Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган кенгайтирилган илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилишида санъатшунослик фанлари доктори, профессор Холида Комилова томонидан ишлаб чиқилаётган махсус либослар тақдим этилди.

 

Махсус либослар дизайни марказ  музейида ҳар бир Ренессанс учун жалб қилинадиган “тарихнинг элчилари”, яъни бугунги замонавий халқаро тилда таъкидлайдиган бўлсак, гидлар учун  тайёрланган. Қайд этилишича, музей экспозицияларининг ҳар бир бўлимида гидлар махсус кийимларда хизмат кўрсатади. Либосларда миллий руҳ ва замонавий дизайн уйғун бўлади. Уларнинг ҳар бири — Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, Исломдан аввалги давр ва Янги Ўзбекистон бўлимларининг маънавий руҳини ифодалайди.

 

“Ҳар бир гид — ўз бўлими тарихи ва руҳиятининг жонли элчиси. Кийимлар орқали ҳам улар бу тарихни ифода эта олишлари керак”, — дейди Холида  Комилова.

 

Шунингдек, йиғилишда марказ фаолиятини такомиллаштириш ҳамда тарих ва замонавий дизайн уйғунлиги орқали янги босқичга кўтариш масалалари муҳокама қилинди.

 

Кун тартибида доирасида “Иккинчи Ренессанс” бўлимида амалга оширилаётган “Темурийлар даври кийиниш маданияти” медиа лойиҳаси ҳақида ҳисобот берилди. Унда Амир Темур ва Бибихонимнинг либослари илмий асосда тикланиб, замонавий медиа технологиялар орқали жонлантирилиши қайд этилди.

 

Шунингдек, яқин кунларда “Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё аҳолисининг кийиниш маданияти” мавзусидаги интерактив кўргазма намойиш этилиши режалаштирилган. Бу ташрифчиларга тарихни нафақат кўриш, балки ҳис этиш имконини ҳам яратади.

 

Марказ директори Фирдавс Абдухаликовнинг таъкидлашича,

 

“Бундай лойиҳалар марказнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаб, уни маданий мулоқот майдонига айлантиради.”



 

Тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова:

 

“Кийим реконструкцияси — бу фақат санъат эмас, балки илм. У орқали визуал гўзаллик ортидаги тарихий маънолар очилади.”