Ислом цивилизацияси марказига XVI асрда кўчирилган “Шоҳнома” саҳифаси тақдим этилди

 

🔴 600 йиллик тарихга эга мерос энди Ўзбекистонда!



 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази контенти яна бир ноёб маданий мерос билан бойиди. Ушбу дурдона асар тахминан 1585 йилларда Марказий Осиёда кўчирилган.  50 мингдан ортиқ байтни ўз ичига олиб, қадимги даврлардан то Сосонийлар сулоласигача бўлган тарих, қаҳрамонлик достонлари ва афсоналарни қамраб олади.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Буюк ўтмиш мероси — маърифатли келажак асоси» халқаро экспертлар форуми доирасида бўлиб ўтган маросимда буюк форс шоири Абулқосим Фирдавсийнинг машҳур “Шоҳнома” асаридан XVI асрга оид ноёб саҳифа марказга тақдим этилди.

 

Бу асар Буюк Британиялик коллекционер ва санъат арбоби Мансур Мухторзода томонидан совға қилинди. Нодир саҳифа “Mansour Gallery”дан олиб келинган бўлиб, тахминан 1585 йилларда Марказий Осиёда кўчирилган. Ҳужжат ўлчами — 370 х 240 мм. Унда Камолиддин Беҳзод ижодий мактабига хос услуб ва темурийлар даври миниатюра санъати анъаналари яққол кўзга ташланади.



 

Маросимда Мансур Мухторзода шундай деди:

 

“Тошкентда, юртингизнинг қадимий ва бой цивилизациясини ардоқловчи меҳмонлар сафида бўлиш мен учун беқиёс шарафдир. XVI асрда кўчирилган “Шоҳнома” саҳифасини Ислом цивилизацияси марказига тақдим этиш орқали мен Ўзбекистоннинг бетакрор маданий меросини кенг дунёга танитишга ҳисса қўшаётганимдан мамнунман.”

 

Маълумот учун


Фирдавсийнинг XI асрда яратган “Шоҳнома”си инсоният тарихида энг йирик эпик асарлардан бири саналади. У 50 мингдан ортиқ байтни ўз ичига олиб, қадимги даврлардан то Сосонийлар сулоласигача бўлган тарих, қаҳрамонлик достонлари ва афсоналарни қамраб олади. Асар асрлар давомида халқларнинг маданий ва маънавий қиёфасини шакллантиришда муҳим манба бўлиб келмоқда.


Марказга қўшилган ушбу ноёб саҳифа нафақат тарихий аҳамиятга эга ёдгорлик, балки жаҳон маданиятининг ўлмас мероси сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади. У келгусида олимлар, тадқиқотчилар ва ташрифчилар учун қимматли манба бўлиб хизмат қилади.


Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26–27 сентябрь кунлари марказда ўтказилган нуфузли форумда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан келган 100 дан зиёд мутахассис — олим ва экспертлар иштирок этди. Унда IRCICA, ICESCO, TURKSOY, Бутунжаҳон Ислом Лигаси, Оксфорд университети ва Christie’s каби етакчи халқаро ташкилотлар вакиллари маърузалар билан қатнашди.