Ўзбекистонда сайёҳлар учун илмий асосланган маълумотномалар тайёрланади
🔴 Имом Бухорийнинг “Ал-Адаб ал-Муфрад” асари замонавий нашрда
🔴 2000 дан ортиқ зиёратгоҳ ҳақиқий тарихий маълумотлар билан қайта ёритилади


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўз олдига улкан вазифани қўйган: аждодларимиздан мерос бўлиб қолган қўлёзма ва босма асарларни ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш. Бу жараён орқали нафақат олимлар ва тадқиқотчилар, балки кенг жамоатчилик ҳам ушбу бой маънавий хазинадан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлади.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ва илмий кенгаш аъзолари, олимлар, мутахассислар иштирокида ўтказилган навбатдаги Кенгайтирилган Илмий кенгаш йиғилишида китоб ва рисолалар нашри борасидаги ишлар юзасидан ҳисобот берилди. Марказ бўлим бошлиғи Шоазим Миноваров таъкидлашича, ҳозиргача дастлабки 10 та асар нашрга тайёрланган. Навбатдаги 10 та китоб концепцияси эса тақдимот қилинди.

Ана шу асарлар орасида Имом Бухорийнинг машҳур “Ал-Адаб ал-Муфрад” (“Одоб жавоҳирлари”) китоби алоҳида аҳамиятга эга. Унда ота-онани ҳурмат қилиш, ватанни севиш, илмга интилиш каби абадий қадриятлар ҳадислар орқали жамланган.
Шунингдек, нашрга тайёрланаётган китоблар орасида XVII–XVIII асрларда юртимизда бўлган сайёҳларнинг ёзган саёҳатномалари жамланмаси ҳам бор. Ушбу китоб ҳам нашр этилиб, тадқиқотчилар ихтиёрига топширилади.
Марказ шунингдек зиёратгоҳлар ҳақида ҳам илмий асосланган маълумотномалар тайёрламоқда. Чунки кўп ҳолларда сайёҳларга афсона ва миш-мишларга асосланган маълумотлар берилмоқда. Бу ҳолатларнинг олдини олиш учун махсус рисолалар чоп этилиши режалаштирилган ва кенгаш бу таклифни бир овоздан маъқуллади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди