Маҳаллий ва хорижлик олимлар, илмий изланиш олиб борувчи тадқиқотчилар диққатига

Маълумки, аждодларимиз меросини оммалаштириш, унинг бугунги кундаги аҳамиятини янада чуқур ҳис қилиш ҳамда тадқиқот-изланишлар натижасида олинган хулосалардан илмий жамоатчиликни кенг хабардор қилиш мақсадида 2021 йилдан буён Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази” журнали чоп этиб келинмоқда.


Мазкур журналга 2025 йил учун ҳам маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассис ҳамда илмий изланиш олиб борувчи тадқиқотчиларнинг мақолалари қабул қилиниши режалаштирилган. Унга кўра, ислом цивилизацияси ва шарқ ренессанси, исломшунослик, тарих ва филология, манбашунослик, санъатшунослик, музейшунослик, кутубхонашунослик йўналишларида ўзбек, рус, инглиз, турк ва араб тилларида мақолалар қабул қилинади.


Шу муносабат билан, Фанлар академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги муассаса, ташкилот ва марказларда, шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларида фаолият олиб бораётган олимлар жамоасини мазкур журналда илмий мақолалар билан иштирок этишга таклиф қилиб қоламиз.


Мақолаларнинг соҳавий йўналишлари: Ислом цивилизацияси ва Шарқ ренессанси, исломшунослик, тарих ва филология, манбашунослик, санъатшунослик, музейшунослик, кутубхонашунослик, замонавий илм-фан тадқиқотлари.


Журнал тили: ўзбек, рус, инглиз, турк ва араб тиллари.


Мақолалар учун қўйиладиган талаблар:
 

  • мақола назарий-услубий жиҳатдан пухта, ишончли манбаларга таянилган, асосли хулоса ва тавсияларга бой, нашр хусусиятидан келиб чиққан ҳолда илмий-таҳлилий бўлиши;
  • матн ҳажми 10-15 бетгача лотин ёзувида тайёрланиши, матн шакли – Microsoft Word дастурида, ёзув шрифти – Times New Roman, ҳарфлар ҳажми – 14 кегл, сатрлар оралиғи бир интервалда, юқоридан ва пастдан 2 см, чапдан 3 см, ўнгдан 1,5 см бўлиши;
  • мавзу бош ҳарфлар билан ёзилиши, бир интервалдан сўнг муаллифнинг фамилияси, исм-шарифи, иш жойи, лавозими, илмий унвон ва илмий даражаси инглиз тилида, электрон почта манзили, телефон рақами ҳақидаги маълумотлар ҳамда бир интервалдан сўнг матн берилиши;
  • мақолада ўзбек, рус, инглиз тилларида аннотация ва калит сўзлар келтирилади. Аннотация 2-3 жумладан иборат бўлиб, ўзида мақола мазмунини ифодалаши лозим. Калит сўзлар мавзуни очиб берадиган 10 дан ошмаган сўз ва иборалардан ташкил топади.


Мақолада кириш (мавзунинг долзарблиги ва ўрганилганлик ҳолати), таҳлил (тадқиқ этиладиган материал, интервью ва ҳ.к. таҳлили) ва хулоса қисмлари бўлиши талаб қилинади.


Фойдаланилган адабиётлар рўйхати мақола асосий матнидан кейин 2 интерваль оралиғида берилади. Мақола матни ичида ҳаволалар тўртбурчак қавс ичига олинади - [2, 87-б.]. Адабиётлар рўйхати мақоланинг охирида алифбо тартибида берилади.


Мақоланинг электрон нусхаси Microsoft Word шаклида info@cisc.uz электрон почта манзилига юборилади.


Таҳририят мақолаларни таҳрир қилиш ва қисқартириш ҳуқуқига эга. Мақолада берилган маълумотларнинг асосли ва ишончли эканига жавобгарлик муаллифлар зиммасида. Белгиланган йўналишларга мос бўлмаган ва талабларга жавоб бермайдиган мақолалар журналга киритилмайди.


Мақола муаллифларига таҳририят қўлёзмаларни қайтариш ва ёзма жавоб бериш мажбуриятини олмайди. Журналда мақола эълон қилиш учун маблағ талаб этилмайди.


Маълумот учун, “Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази” журнали ОАК Раёсатининг 2023 йил 29 августдаги 342/5-сон қарори билан илмий журнал сифатида тасдиқланган.


Мурожаат учун:  (71) 244-00-78

Тел: (90) 933-77-85
Тел: 95 074-76-79

 

@markazmaqola_bot