XVIII асрда Самарқандда яратилган ноёб “ақл қуроли” Ислом цивилизацияси марказида!



 

🔴Ўзбекистондаги илк аукцион уйи — “Art Vernissage” томонидан Ислом цивилизацияси марказига ноёб артефакт ҳадя қилинди


Тошкент шаҳрида ўтган “Буюк ўтмиш мероси — маърифатли келажак асоси” халқаро экспертлар форуми доирасида мамлакатимиздаги илк аукцион уйи — “Art Vernissage” томонидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига XVIII асрга оид ноёб артефакт — Самарқандда яратилган 1711 йилги латун устурлоб ҳадя қилинди.

 

21 см узунликдаги ушбу илм асбоби алмаштириладиган пластиналар билан жиҳозланган бўлиб, турли географик кенгликларда қўллаш имконини берган. Шу хусусияти туфайли устурлоб ўша даврда кўп мақсадли илмий қурилма ҳисобланган.

 

Маълумот учун: Устурлоб ислом дунёсида шунчаки астрономик асбоб эмас, балки илм-фан тараққиёти, амалий тажриба, диний садоқат ва бадиий маҳорати уйғунлашган рамз сифатида қадрланган. У нафақат астрономлар, балки саёҳатчилар, денгизчилар ва савдогарлар учун ҳам ишончли йўлбошчи бўлган.

 

Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний ва Беруний каби буюк олимлар асарларида устурлобнинг тузилиши ва қўлланишини батафсил ёритгани бу асбобнинг ислом цивилизациясида тутган ўрнини янада яққол намоён қилади.

 

— Бу мукаммал асбоб айниқса XV–XVIII асрларда дунё миқёсида энг илғор қурилма сифатида эътироф этилган. Марказ экспозициясидаги мазкур устурлоб ислом дунёси олимларининг юксак билим ва маҳоратини намоён этиб, барча меҳмонларда катта таассурот қолдиради, деган умиддамиз, — деди “Art Vernissage” аукцион уйи директори Шавкат Султонов.

 

Ушбу ҳадя Марказ экспозициясини янада бойитди ва юртимиздаги илмий-маърифий муҳит ҳамда маданий мулоқотни кучайтирди.

 

Эслатиб ўтамиз: жорий йилнинг 26–27 сентябрь кунлари Марказда ўтган халқаро форумда 20 дан ортиқ мамлакатдан 100 дан зиёд мутахассис — олим ва тадқиқотчилар, музей ва кутубхона раҳбарлари, маданий мерос бўйича экспертлар қатнашди. Форумда IRCICA, ICESCO, TURKSOY, Бутунжаҳон Ислом Лигаси, Оксфорд университети, Россия Фанлар Академияси ва Christie’s каби нуфузли ташкилот вакиллари маъруза ва таҳлиллари билан иштирок этди.

 

Халқаро жамоатчилик Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини асраб-авайлаш ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш ташаббусларини юксак баҳолади.