Россиялик олима: “Цивилизациялар уйғунлигига гувоҳ бўлдим”




Россия этнография музейи етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори Татьяна Емельяненко Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

 

— “Бир йил олдин бу ерда фақат қурилиш майдончалари, чанг-тўзон ва битмаган деворлар бор эди. Бугун эса – гўзал ва ажойиб манзара! Мана шу ўзгаришлар мен учун ҳақиқий мўъжиза бўлди”, — деди у.



 

Олиманинг таъкидлашича, ислом маданиятини намойиш этадиган бундай марказ нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон ҳамжамияти учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

 

— Бу ерда ислом маданиятининг энг яхши томонлари жамланган. Айниқса, экспозиция исломгача бўлган даврдан бошланиб, цивилизациялар уйғунлигини кўрсатиши менга жуда маъқул бўлди. Бу жуда тўғри ёндашув, — деди Емельяненко.

 

Мутахассиснинг сўзларига кўра, марказ экспонатларни маҳаллий музейлардан олиб қўймаган, балки махсус сотиб олгани уни янада қимматли қилади. Шунингдек, экспонатлар билан замонавий интерактив ечимларнинг уйғунлиги Россиядаги музейшунослар учун ҳам ўрнак бўлиши мумкин.

 

— “Мен бундай даражада уйғунлашувни ҳали кўрмаганман. Барча яратувчиларга катта раҳмат”, — дея ўз таассуротини якунлади олима.

 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26-27-сентябрь кунлари Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” мавзусидаги нуфузли халқаро форум бўлиб ўтди. Ушбу форумда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган 100 дан зиёд мутахассис – олиму тадқиқотчилар, музей ва кутубхона раҳбарлари, маданий мерос соҳасидаги экспертлар қатнашди. 

 

Халқаро миқёсдаги ташкилотлар – IRCICA, ICESCO, TURKSOY, Бутунжаҳон Ислом Лигаси, Оксфорд университети, Россия Фанлар Академияси ва Christie’s каби етакчи илмий ва маданий институтлар вакиллари ўз маърузалари, таҳлил ва таклифлари билан иштирок этишди.

 

Форумда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини сақлаш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш борасидаги ташаббусларига халқаро жамоатчилик томонидан катта эътироф билдирилди.

 

Аҳамиятли жиҳати, Форум доирасида Марказда 10 та мавзули шўъба йиғилиши ташкил этилди. Унда Қуръон зали, исломдан аввалги давр цивилизациялари, илм-фан тараққиёти, Ренессанс даврлари, музей ва кутубхона иши, рақамлаштириш технологиялари, халқаро илмий ҳамкорлик масалалари кенг муҳокама қилинди.