SAM FOGG галереясидан ўта қимматли ҳадя: Ислом цивилизацияси маркази тарихий топилмалар билан бойиди!

Тошкентда ўтказилган нуфузли халқаро форум — «Буюк ўтмиш мероси — маърифатли келажак асоси» доирасида Ислом цивилизацияси маркази яна ноёб артефактлар билан бойиди.
Марказ коллекциясига SAM FOGG галереяси томонидан Темурийлар даврига оид ҳайкалтарошлик ва амалий санъат намунаси — 1450–1500-йилларда Эронда яратилган ўйма нақшли бронза коса тақдим этилди. Шунингдек, XIV аср охирида Бухоро ёки Самарқандда ишланган пўлат пластинка ҳам экспозициядан жой олди.

Яна бир қимматли топилма — XX аср бошларига оид металл иплар билан безалган ипак чопон ҳам коллекцияга қўшилди. Махсус парча техникасида тикилган ушбу ноёб асарнинг узунлиги 127 см, кўкрак айланаси 92 см, енг узунлиги эса 164 смни ташкил этади.
Ушбу артефактлар нафақат маданий меросимизга бағишланган экспозицияни янада бойитди, балки ташрифчиларга ўрта асрлар тарихий муҳитини жонли равишда ҳис қилиш имконини ҳам берди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26–27 сентябрь кунлари Ислом цивилизацияси марказида 20 дан ортиқ давлатдан 100 дан зиёд мутахассис иштирок этган нуфузли халқаро форум бўлиб ўтди. IRCICA, ICESCO, TURKSOY, Бутунжаҳон Ислом Лигаси, Оксфорд университети, Россия Фанлар Академияси ва Christie’s каби нуфузли ташкилотлар вакиллари форумда маъруза ва таклифлари билан қатнашдилар.
Форумда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини сақлаш ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш борасидаги ташаббуслари халқаро миқёсда юксак баҳоланди.
Марказ доирасидаги 10 та мавзули шўъба йиғилишида Қуръон зали, исломдан олдинги давр цивилизациялари, илм-фан тараққиёти, Ренессанс мероси, музей ва кутубхона иши, рақамлаштириш ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди