Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси янада бойиди: бокулик олимадан қимматли туҳфа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси яна бир қимматли асар билан бойиди. Озарбайжон Миллий фанлар академияси Қўлёзмалар институти етакчи илмий ходими, фалсафа фанлари доктори, доцент Рубоба Ширинова Марказга ўзининг “Юсуф Давлатўғлининг “Манзум фиқҳ” таржима ёдгорлиги” номли китобини совға қилди.
Маросимда сўзга чиққан олим ўз таассуротларини баён этар экан, Ўзбекистонга келиши унинг катта орзуси бўлганини таъкидлади:
“Бу марказда қадимий қўлёзмалар, буюк олимлар асарлари ва замонавий технологиялар уйғунлиги мени ҳайратга солди. Айниқса, сунъий интеллектли қисм — гўё ўтмиш олимлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилаётгандек таассурот қолдирди”, — деди у.
Рубоба Ширинова асарини совға қилишдан мақсади бу марказда ўзидан ҳам ёдгорлик қолдириш эканини қайд этди. Шунингдек, у келгусида қўшма тадқиқотлар ва қўлёзмалар бўйича илмий ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Озарбайжонлик олима Ўзбекистонда сақланаётган асарлар билан уларнинг институтида мавжуд қўлёзмалар ўртасида ўхшашликлар кўплигини таъкидлаб, Ибн Синонинг “Ал-Қонун” асари устида ҳам тадқиқотлар олиб борилаётганини маълум қилди.
Таъкидлаш жоизки, Ислом цивилизацияси маркази нафақат музей ва кутубхона, балки илмий ҳамкорлик ва маданий алмашинув майдони сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этиши кутиляпти.
“Саккиз йил ичида бундай улкан бинони бунёд этиш катта меҳнат талаб қилади. Бу ерда кўплаб инсонларнинг заҳмати бор. Бу лойиҳани ишлаб чиққан меъморлар, уни барпо этган, қурган, бунёдкор инсонларнинг ҳар бирига ташаккур билдираман”, деди у
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа