Ўзбекистон маҳаллалари бўйлаб виртуал саёҳат ташкил этилади

Қадимий ва бой тарихий илдизларга эга ўзбек маҳаллаларининг бугунги кунда жамият ҳаётида ўрни беқиёсдир. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида айни кунда мамлакатда маҳаллалар ўрни ва аҳамияти ўрганилиши, уларнинг рақамли каталоги яратилиши режа қилинган.

 

Мутахассислар томонидан ҳар бир маҳалланинг тарихий, маданий ва ижтимоий жиҳатларини ўз ичига олган маълумотлар базаси шакллантирилади.

 

Маҳаллалар тадқиқ этилиб илмий ишланмалар, турли кўринишда контент ва қисқа метражли фильмлар тайёрланади. Улардан экспозиция учун 3D шаклида қизиқарли медиа маҳсулотлар яратилади. Экспозицияга ташриф буюрувчилар Ўзбекистон маҳаллалари бўйлаб виртуал саёҳат қилиш, маҳаллалар тизимида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан бохабар бўлишлари мумкин.

 

Ушбу лойиҳалар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ва хорижий ҳамкор Россиянинг “Сила света” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилиши режалаштирилган.