Дунёнинг нуфузли галереясидан ноёб ҳадя


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси яна бир қимматбаҳо артефакт билан бойиди. Буюк Британиядаги дунёда ўз нуфузига эга DAVID AARON галереяси марказга беғараз равишда ноёб тақинчоқларни тақдим этди. Улар қаторида милоддан аввалги биринчи мингйилликка тегишли қимматбаҳо тошлар билан безатилган олтин маржон, эллинистик даврга оид туркуаз ва қора ҳошияли ақиқдан ясалган маржон ҳамда ақиқ тошлари қўлланилган олтин маржонлар мавжуд.

 

DAVID AARON галереяси исломий санъат ва Марказий Осиё қадимги буюмлари йўналишида узоқ йиллик тажрибага эга бўлиб, музей даражасидаги ашёларнинг ишончли манбалардан олинишига алоҳида эътибор қаратади. 



 

Галерея вакилларининг таъкидлашича, тақдим этилган ушбу учта қадимий тақинчоқ қадимги Ипак йўли тарихи билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, Ўзбекистоннинг бой маданий меросини яна бир бор ёрқин намоён этади.

 

– Маржонлардан иккитаси милоддан аввалги III–I асрларга тўғри келувчи Эллинистик даврга тегишли. Ушбу давр заргарлик санъатининг ривожланган даври сифатида эътиборлидир. Яна бири эса ундан анча олдинги, эҳтимол, милоддан аввалги биринчи мингйилликда Бақтрия ҳудудида яратилган бўлиши мумкин. Бу тақинчоқлар турли устахоналарда ишланган бўлиб, уларда турли минтақалардан олиб келинган тошлар қўлланган, – деди DAVID AARON галереяси вакили Соломон Аарон.

 

Тарихий манбаларга кўра, бундай маржонлар қадимда ҳадя сифатида, айрим ҳолларда эса пул ўрнида қўлланилган ва замонавий Ўзбекистон ҳамда қўшни ҳудудларда яшаган аждодларимиз томонидан кенг қадрланган.



 

Галерея вакиллари бу ноёб артефактларни Ўзбекистонга тақдим этишдан мамнуният изҳор этди. Мазкур ҳадя — мамлакат ҳудудида яратилган тарихий ёдгорликларни қайта тиклаш, асраб-авайлаш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш йўлидаги муҳим дастурнинг муҳим қисмидир.

 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26-27-сентябрь кунлари Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” мавзусидаги нуфузли халқаро форум бўлиб ўтди. Ушбу форумда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган 100 дан зиёд мутахассис – олиму тадқиқотчилар, музей ва кутубхона раҳбарлари, маданий мерос соҳасидаги экспертлар қатнашди. Мазкур форум кун тартиби доирасида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейига қатор халқаро музейлар, нуфузли галереялар ва хусусий коллекционерлар томонидан ўзига хос экспонатлар топширилди.