“Бутун дунё учун жуда катта аҳамият касб этишига ишонамиз“ – Али Илгар




“Outdoor Factory” компаниясининг МДҲ мамлакатлари бўйича дирeктори Али Илгарнинг қайд этишича, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бутун дунё учун жуда катта аҳамият касб этади.




Али Илгар, “Outdoor Factory” компаниясининг МДҲ мамлакатлари бўйича дирeктори:

 

– 5 йил олдин “Outdoor Factory” компанияси қардош мамлакатимиз Ўзбекистонда фаолият бошлади. Бу ерда Ўзбекистон маданиятига муносиб ҳисса қўшадиган катта лойиҳаларда иштирок этдик.

 

Улар орасида энг муҳими — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Исломдан аввалги давр” бўлимининг лойиҳасини ҳам, қурилишини ҳам амалга оширдик.

 

Биз бу жойнинг бутун дунё учун жуда катта аҳамият касб этишига ишонамиз. Бу ерда қадимги даврларни замонавий технологиялар орқали ҳикоя қилишга ҳаракат қилдик ва дизайнларимизда атртефакт, ноёб асарларни диққат марказига қўйиб, бошқа омиллар билан ўша даврни тўлиқ акс эттиришга эътибор қаратдик.

 

Бу бўлимнинг дизайнини компаниямизнинг бошқарувчи ҳамкори Синан Тураман амалга оширди. 

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг исломдан аввалги давр бўлимида махсус витриналар, технологик қурилмалар ва контентлар орқали бу ердаги маълумотлар ташриф буюрувчиларга етказилмоқда.


Бўлимнинг энг эътиборли жиҳати, оддий ва зерикарли тақдимотдан кўра, эшитиш, кўриш ва қўл билан ушлаб, ўша даврни ҳис қилиш имкониятлари билан бойитилган.

 

Марказнинг исломдан аввалги давр бўлимига кириш тош давридан бошланиб, ундан кейин Бақтрия, Хоразм, Буюк ипак йўли, Суғд, сўнгра Фарғона ва Чоч бўлимлари ҳикоя қилинади. Ҳар бир бўлим асл экспонатлар ҳамда рақамли элементлар орқали тақдим этилди. 

 

Айниқса, Фарғона бўлимида яратган ер остидаги макетимиз ва “жаннатдан келган отлар” дизайни ёки иммерсив залда яратилган контент кабиларда қўлланган юқори технологиялар, интерактив майдонлар бизга катта қувонч бағишлайди. Чунки Ўзбекистонда бундан олдин бундай ёндашувларнинг намунаси бўлмаган. Янги авлодни ана шундай контентлар билан таништирганимиз ҳамда келажак авлодларга етказганимиз биз учун фахрдир.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 8 йилдан буён бунёд этилмоқда. Марказдаги исломдан аввалги давр бўлими дизайнини қисқа, яъни 2 ой давомида, талаб қилинган вақтгача амалга ошириб, фойдаланишга топширганимиздан жуда ҳам мамнунмиз. Бу марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё ислом олами учун катта аҳамиятга эгадир.