Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига нодир Қуръон туҳфа қилинди




Тошкентда ўтказилган халқаро экспертлар форуми доирасида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига Темурийлар даврининг бебаҳо меросидан бири — Шероз ҳокими ва машҳур хаттот Иброҳим Султон қўли билан кўчирилган Қуръоннинг факсимиле нусхаси тақдим этилди.

 

Маълумки, Амир Темурнинг вориси Шоҳрух Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудларида ҳукмронлик қилган бўлиб, унинг фарзандлари илм ва маданиятга катта эътибор берган. Шулардан бири — Иброҳим Султон нафақат адолатли ҳукмдор, балки юксак маҳорати билан тарихда ном қолдирган хушнавис сифатида танилган. Унинг “хатти муҳаққақ” услубида кўчирган Қуръони эса Темурийлар даври қўлёзмалари ичида энг нодир дурдоналардан бири ҳисобланади.



 

— Бу асарнинг асл нусхаси ҳозирда Эроннинг Машҳад шаҳридаги Ҳазрати Имом Ризо зиёратгоҳида жойлашган Остон Қудси Разавий кутубхонасида сақланмоқда. Форумда тақдим этилган факсимиле нусха эса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фондларини янада бойитади, — деди Эрон Миллий архиви ва кутубхонаси раиси Ғуломризо Амирхоний.

 

Тадбир давомида Ўзбекистон ва Эрон ислом республикаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланди. Унда қўлёзмалар ва факсимиле асарларни ўрганиш, нашриёт соҳасида тажриба алмашиш, мутахассислар ўртасида илмий алоқаларни йўлга қўйиш каби йўналишлар белгиланди.



 

Шунингдек, меморандум доирасида икки мамлакатда “Ислом цивилизацияси маркази хонаси” ташкил этилиши кўзда тутилган. Айни пайтда бундай хона Теҳрондаги Миллий кутубхонада фаолият бошлаган бўлса, яқин кунларда  Ислом цивилизацияси марказида ҳам Эрон Миллий кутубхонаси хонаси очилиши режалаштирилган.