“Шундай марказлар орқали исломофобияга қарши курашишимиз мумкин” – Ченгиз Томар

Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) директор ўринбосари Ченгиз Томарнинг қайд этишича, Шавкат Мирзиёев даврида Ўзбекистон дунёга очилди ва ўзида мавжуд бўлган тарихий цивилизацияни бутун дунёга танитмоқда.
“Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази очилиши бу минтақанинг — Буюк Туркистон, Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини кўрсатиши жиҳатидан ниҳоятда муҳимдир”, дейди IRCICA вакили “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро экспертлар форуми доирасида муносабатини билдираркан.

Ченгиз Томар, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) директор ўринбосари:
–– Жаноб Шавкат Мирзиёев даврида сўнгги йилларда Ўзбекистонда катта ўзгаришлар бўлди. Ўзбекистон дунёга очилди ва ўзида мавжуд бўлган тарихий цивилизацияни бутун дунёга танитмоқда. Шунинг учун мен жуда хурсандман. Жаноб Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида ўз нутқида айниқса тинчлик ҳақида гапирди.
Бугун, биласиз, бизга дунёда тинчлик керак — Яқин Шарқда ҳам, бошқа жойларда ҳам. Чунки тинчлик бўлмаса, цивилизация, бойлик, фаровонлик бўлмайди. Шукурки, Марказий Осиёда тинчлик мавжуд ва бу тинчлик ривожланишга қандай ҳисса қўшаётганини кўриб турибмиз.
ХХI асрда ислом-турк ренессанси бўлади, деб ўйлаймиз. Мана бу музей ҳам шунинг бир хабарчиси.
Музей тўлиқ тугаллангач, жуда гўзал бўлади. У ислом цивилизацияси ва айниқса бу минтақанинг — Буюк Туркистон, Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини кўрсатиши жиҳатидан ниҳоятда муҳимдир. Чунки биз биламиз: Ибн Сино, Хоразмий, Фарғоний, Насафий, Термизий, Бухорий — буларнинг ҳаммаси шу ҳудуддан чиққан зотлардир. Аммо биз уларни янада кенгроқ танитишимиз керак.
Биз ҳам IRCICA томонидан бу марказга ўз ҳиссамизни қўшдик. Бу ерда бизнинг бир хонамиз бор, биз ўз нашрларимизни, асарларимизни, кўргазмаларимизни юбордик. Қўлимиздан келганича ёрдам беряпмиз.
БМТ доирасида ҳам ислом дунёси ва турк дунёсининг овози кўпроқ эшитилиши учун янги ташаббуслар зарур. Чунки ҳозир фақат беш давлат ҳал қилувчи овозга эга, лекин турк ва ислом дунёсининг овози етарли эмас. Иншооллоҳ, келажакда бу ўзгаради ва бизнинг сўзимиз ҳам БМТда кучлироқ бўлади.
Аслида, бизнинг ислом цивилизациямиз ниҳоятда буюк. Аммо сўнгги 20–30 йилда фундаментализм, терроризм каби ҳодисалар пайдо бўлиб, исломнинг жамолини ва цивилизациясини оммавий ахборот воситаларида ёмон кўрсатди. Ҳолбуки, ислом дунёси ҳам ислом тарихига, ҳам жаҳон тарихига улкан ҳисса қўшган.
Шундай марказлар орқали биз исломнинг асл маданий, илмий томонини кўрсатишимиз ва исломофобияга қарши курашишимиз мумкин. Афсуски, охирги йилларда исломни “бошлари кесадиган террорчилар” сифатида тасвирлаш ҳоллари кўпайди. Лекин ислом бундай эмаслигини ана шундай марказларгина кўрсатиб бера олади. Шу сабабли, бундай марказларга катта эҳтиёж бор. Шу боис мен Ўзбекистонни чин дилдан табриклайман, шундай имконият яратгани учун.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа