Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Халқаро ҳамкорликда янги босқич: Меморандумлар имзоланди
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Саккиз йиллик қурилиш ва ташкилий жараёни, мутахассислар, санъатшунослар ва маданият арбобларининг ҳамкорлигида амалга оширилди.
Марказда намоён этилаётган 800 га яқин илмий ва маърифий лойиҳа ислом маданияти, илмий мероси, тарихий қўлёзмалар ва артефактлар орқали мукаммал шаклда акс этмоқда.
Алоҳида қайд этиш лозимки, марказ контентини юксак даражага олиб чиқиш ва унинг меъморий кўркига монанд маънавий юксакликка эришиш мақсадида 2000 га яқин олим, халқаро эксперт ва дизайнерлар узлуксиз изланиш олиб боришди. Бугунги кунга қадар 100 га яқин халқаро делегация бу маскан фаолияти билан яқиндан танишиб ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиб келишмоқда.
Айни мақсадда жорий йилнинг 26-27-сентябрь кунлари Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” мавзусидаги нуфузли халқаро форум бўлиб ўтмоқда. Ушбу форумда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган 100 дан зиёд мутахассис – олиму тадқиқотчилар, музей ва кутубхона раҳбарлари, маданий мерос соҳасидаги экспертлар қатнашмоқда.
Халқаро миқёсдаги ташкилотлар – IRCICA, ICESCO, TURKSOY, Бутунжаҳон Ислом Лигаси, Оксфорд университети, Россия Фанлар Академияси ва Christie’s каби етакчи илмий ва маданий институтлар вакиллари ўз маърузалари, таҳлил ва таклифлари билан иштирок этмоқда.
Форум, биринчи навбатда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини сақлаш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш борасидаги ташаббусларига халқаро жамоатчилик томонидан билдирилган катта эътирофдир.
Аҳамиятли жиҳати, Форум доирасида Марказда ташкил этилган 10 та мавзули шўъба йиғилишида Қуръон зали, исломдан аввалги давр цивилизациялари, илм-фан тараққиёти, Ренессанс даврлари, музей ва кутубхона иши, рақамлаштириш технологиялари, халқаро илмий ҳамкорлик масалалари кенг муҳокама қилинди.
Форумнинг 2-кунида ташкил этилган ялпи мажлисда эса мутахассислар томонидан муҳокамалар натижалари доирасида таклиф ва мулоҳазалар тингланди.
Аҳмад Абдул Боситман, Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти — ISESCO вакили, қўлёзмалар бўйича мутахассис:
–– Бу марказ Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан ташкил этилган. Ўзбекистонга келиб, экспертлар даражасида маслаҳатлашувлар ўтказиб, тарих, иқтисодиёт бўйича чуқур ўрганишлар олиб борар эканмиз, биз Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдик. У ҳали расмий очилмаган бўлса-да, лекин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясида бу ҳақда эълон қилди.
Албатта, ушбу марказ билан яқиндан танишиш таклифи бизда катта қизиқиш уйғотди ва биз шу ерда бўлдик.
Бу ерда кўплаб экспозициялар бор, улар меҳнат, саъй-ҳаракатлар эвазига қўлга киритилган. Ўзбекистон Президенти бевосита бу жараёнда қатнашганини, аниқ топшириқлар берганини бизга тушунтиришди. Бу – бутун инсоният тараққиёти йўлида қилинган улкан меҳнат. Айниқса бугунги нотинч дунёда бундай диний, маърифий, мўътадил ислом ғоялари жуда муҳим.
Ченгиз Томар, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) директор ўринбосари:
– Биз исломий-туркий Ренессанс қайтишини кутяпмиз. Бугунги тинчлик ва изчил ривожланиш муҳитида Ўзбекистон айнан тарихни тиклашда етакчи ўринни эгаллаб бормоқда.
Султон Раев, Халқаро маданият ташкилоти (TURKSOY): бош котиби:
– Ўзбекистонда ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда – мана шу мажмуада мужассам қилингани алоҳида аҳамиятга эга.
Бу Марказнинг ноёблиги шундаки, бу ерга ташриф буюрган ҳар бир киши ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ислом цивилизацияси Ўзбекистонда айнан илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва маърифат асосида ривожланганини, ўзбек халқи дунё тараққиётига беқиёс ҳисса қўшганини теран англайди.
Аликбер Аликберов, Россия фанлар академияси Шарқшунослик институти директори:
–– Тарих ва маданият — келажакда муваффақият кафолати. Ўзбекистон танлаган модернизация йўли тарихга таянади, бу эса уни барқарор қилади.
Форум доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва қатор халқаро илмий ҳамда маданий ташкилотлар ўртасида ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди. Эрон миллий кутубхонаси, Қозоғистон миллий музейи билан хамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳужжатлар, марказнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳалар, тадқиқотлар ва кўргазмаларни амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва ташкилий пойдевор вазифасини ўтайди.
Дамир Муҳиддинов, Россия муфтийлар кенгаши раиси ўринбосари:
– Ренессанс мавзуси ҳам жуда тўғри, деб ҳисоблайман. Чунки биз биринчи, иккинчи ва учинчи Ренессанс ҳақида гапирар эканмиз, бу инсон учун келажак йўналишларини белгилаб беради: у ўз ҳаётини, фарзандлари ва набиралари ҳаётини ўзгариб бораётган дунёда қандай қуриши кераклигини кўрсатади. Исломнинг ана шундай устувор ўринни сақлаб қолиши – муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотида бўлиб ўтган 80-сессиядаги нутқлари яққол далилдир.
Михаил Фрадков, Россия стратегик тадқиқотлар институти директори
–– Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 80-сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ислом динининг маърифатпарварлик моҳияти, бағрикенглик ва тинчлик ғояларини катта эътибор билан ёритди. Шу нутқ менга катта таъсир кўрсатди. Шу боис, эксперт сифатида Ислом цивилизацияси марказини шахсан кўриш ва ўрганиш учун Тошкентга келдим.
Бу марказ, менингча, нафақат диний, балки маданий, маърифий ва цивилизацион аҳамиятга эга. У ердаги экспозициялар, тарихий далиллар ва илмий ёндашувлар Исломнинг чинакам маънавий ва интеллектуал юзини кўрсатади. Марказ — бу фақат Ўзбекистонники эмас, балки бутун инсоният учун хизмат қилувчи улкан маънавий платформа.
Фархан Аҳмад Низами, Оксфорд университетининг Ислом тадқиқотлари маркази раҳбари:
–– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – бу шунчаки музей эмас. Бу – мафкуравий, маънавий ва илмий уйғонишнинг рамзи. Бу ерда олиб борилган иш – фақат тарихни намоён қилиш эмас, балки келажакка руҳий пойдевор қўйишдир.
Ўзбекистон бугун ўзининг илмий ва маърифий илдизларига қайта қарамоқда. Бу жараён нафақат миллий, балки регионал ва глобал аҳамиятга эга. Чунки бу марказ – бутун ислом олами учун маънавий ҳамда цивилизацион платформа, илм-фан ва маданиятни қайта жонлантириш маркази сифатида хизмат қилмоқда.
Шунингдек, форум доирасида қатор ноёб артефактлар, қўлёзмалар ва тарихий ёдгорликлар Марказга расмий равишда топширилди. Бу эса, марказ экспозициясини янада бойитиб, уни дунё миқёсидаги маданий ва маърифий марказ сифатида янада юксалтиришга хизмат қилади.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

37,7 метрлик меъморий мўъжиза: Улуғбекнинг асрлар ошган илмий мероси энди Тошкентда порламоқда!

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
