Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
2025 йил 26-27-сентябр кунлари Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтмоқда.
Мазкур нуфузли тадбирда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис – таниқли олимлар, музей раҳбарлари, кутубхоначилар ҳамда маданий мерос соҳасидаги мутахассислар иштирок этмоқда. Улар орасида IRCICA, Бутунжаҳон ислом лигаси, ICESCO, ТУРКСОЙ, миллий кутубхоналар ва архивлар, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти, Оксфорд университети, дунёнинг нуфузли ауцион уйи – Christie’s ва бошқа етакчи ташкилотлар вакиллари бор.
Халқаро форум Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини сақлаш ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб- қувватлашга қаратилган.
Саккиз йил аввал давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар ташкилоти минбаридан туриб, жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа сифатида эътироф этган, “Ислом дини инсониятни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этишини” таъкидлаб ўтдилар. Шу билан бирга Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломаларнинг ислом динининг маърифий аҳамиятини инсониятга тушунтириш борасидаги беқиёс хизматларини ҳам таъкидлаган эдилар.
2017 йил 23 июнда Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш тўғрисидаги қарори қабул қилиниши бу йўналишдаги улуғ қадамлардан бири бўлди.
Бугун иш бошлаган халқаро форум Ўзбекистонда олиб борилаётган маънавий-маърифий сиёсатнинг мантиқий давоми ва илмий ҳамкорликнинг янги босқичидир.
Президентимиз яқинда БМТ Бош Ассамблеясининг 80- сессиясида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, “Жамиятда бағрикенглик сиёсатини изчил амалга оширар эканмиз, Ўзбекистон маърифатли ислом ғояларини чуқур ўрганиш ва уларни дунёга кенг тарғиб қилишни давом эттиради. Яқин ойлар ичида Тошкентда минтақада ягона бўлган Ислом цивилизацияси маркази очилади. БМТда буюк аждодларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийларнинг бой маънавий ва илмий меросини тақдим этувчи махсус тадбир ўтказилиши режалаштирилган.”
Марказнинг очилиши арафасида ташкил этилган мазкур халқаро форум Президент Шавкат Мирзиёевнинг исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини сақлаш ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Форум қатнашчилари Марказнинг очилишга тайёргарлик жараёнлари билан танишмоқда ҳамда музей экспозициясининг якуний шаклланиши, илмий ва таълимий лойиҳалар, коллекцияларни рақамлаштиришнинг янги ёндашувлари, мультимедиа технологияларидан фойдаланиш имкониятлари, жаҳон аҳамиятига эга илмий- маърифий ва маданий майдон сифатида шакллантириш масалаларини муҳокама қилмоқдалар.
Шунингдек, ташриф буюрган халқаро олимлар Марказ экспозициялари доирасидаги 10 та мавзули шўъба йиғилишларида ўз фикр ва таклифлари билан иштирок этишди. Марказ фаолиятининг асосий йўналишларини қамраб олган шўъба йиғилишларида Муқаддас Қуръон зали, исломдан олдинги цивилизациялар, ислом тарихи ва унинг ёйилиши, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларидаги илм- фан ва маърифат, хонликлар даври, кутубхона, музей, қўлёзмалар ва артефактлар тўплами, шунингдек, халқаро ҳамкорликдаги илмий ва маданий лойиҳалар учун платформа яратиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Аҳмад Абдул Босит, Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти — ISESCO вакили, қўлёзмалар бўйича мутахассис:
–– Аввало, бу Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрганимдан хурсандман. Катта завқ олдим. Президентингизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги нутқларини тингладим. Бу жуда қизиқарли, мазмунли нутқ бўлиб, Ислом цивилизациясини энг олий даражада акс эттирди.
Президент Шавкат Мирзиёев ислом бағрикенглик ва тинчлик дини эканини таъкидлади. Бу эса инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Чунки Тинчлик — Аллоҳнинг гўзал исмларидан биридир.
Ченгиз Томар, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) директор ўринбосари:
– Биз исломий-туркий Ренессанс яна қайтишини умид қиламиз, айниқса Марказий Осиё ва Яқин Шарқда. Марказий Осиё бугун тинч ва равон ривожланмоқда. Минтақада ўсиш ва тараққиёт кўринмоқда. Айнан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев даврида, мутахассис сифатида айтишим мумкинки, ислом тарихи ва цивилизациясини яна буюк қилиш учун ташаббуслар кўрилмоқда. Бу жуда муҳим.
Бунинг учун, аввало, бизга тинчлик ва хавфсизлик керак. Кейин эса кўп ва жадал ишлаш керак, чунки биз бироз ортда қолдик ва бошқа халқлар билан рақобат қилиш учун тезроқ ривожланишимиз керак. Энди биз интернет даврида, ахборот технологиялари даврида, сунъий интеллект давридамиз. Буларнинг барчаси асосан Ғарб дунёсида ривожланган. Аммо биз ҳам тезлик билан олдинга интилишимиз, тинчлик асосида ва минтақавий ҳамкорликда
— туркий ва исломий мамлакатлар билан биргаликда ишлашимиз керак.
Шавкат Мирзиёев жаноблари ва бошқа исломий-туркий мамлакатлар раҳбарларининг ташаббуслари билан дунёга яна тарихимиздаги шон-шуҳратли кунларни, цивилизациямизни, санъатимизни кўрсатамиз.
Салим Эзер, Халқаро маданият ташкилоти (TURKSOY) ахборот ва коммуникациялар департаменти бошлиғи:
– Биринчи таассуротим, айтишим мумкинки, ҳайратланарли. Жуда чиройли жой. Санъат ихлосманди сифатида ва бутун дунё бўйлаб шундай музейларни кузатиб борадиган одам сифатида айта оламанки, бу жой ўзига хос ва бетакрор.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бу – Президентингиз Шавкат Мирзиёевнинг имзоси. Ва бу имзо йиллар давомида яшаб қолади, йил сайин ривожланиб боради. Бу марказ ислом маданиятининг бойлигини жаҳон аҳли олдида намоён этишга қаратилган жуда муҳим қадам, менинг фикримча.
Марказ фақат ўтмишни эслатадиган эмас, балки келажак ҳақида сўзлайдиган, янги авлодларга ўзларини бу ерда кўрсатилган аждодлар меросининг давомчилари сифатида ҳис қилиш имконини берадиган маскан.
Яна бир жиҳати – энг нодир асарлар, қўлёзмалар, экспонатлар юз йиллардан сўнг Ўзбекистонга қайтарилди. Бу моддий маданиятнинг қимматли қисмини ташкил этади.
Дамир Муҳиддинов, Россия муфтийлар кенгаши раиси ўринбосари:
– Муҳтарам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нуфузли Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан сўзлаган нутқида ислом ва мусулмонлар учун жуда муҳим фикрларни билдирдилар.
Аввало, Президентингиз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши кутилаётганини эълон қилдилар ва айнан маърифий исломни ривожлантириш зарурлиги ҳақида гапирдилар.
Бизнингча, бугун дунёда 8 миллиард одам яшайди, шундан 2 миллиард киши ислом динига эътиқод қилади. Ислом қандай бўлиши, уни қандай ўқитишимиз, мактаб ва университетларда қандай ўрганишимиз, масжидлардаги минбарлардан қандай тарғиб қилишимиз, ёшлар онгида исломни қандай тасаввур этишимиз – булар жуда муҳим масалалар.
Агар йирик давлатнинг Президенти ана шундай фикрларга эътибор қаратиб, жамиятга, ислом оламига, бутун цивилизациялашган дунёга “келажак исломники” деган хабарни берса, унда маданият, илм-фан ва таълимга алоҳида ўрин борлигини таъкидлаб ўтса, бу жуда катта аҳамиятга эга. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса бунга яққол мисол. Икки минг йиллик мусулмон маданияти ва цивилизациясини жамланган бу марказ ислом маданиятининг нақадар чуқур эканини кўрсатиб, замонавий усулда, замонавий шаклда ташриф буюрувчиларга ислом гўзаллигини етказиб бера олади.
Ренессанс мавзуси ҳам жуда тўғри, деб ҳисоблайман. Чунки биз биринчи, иккинчи ва учинчи Ренессанс ҳақида гапирар эканмиз, бу инсон учун келажак йўналишларини белгилаб беради: у ўз ҳаётини, фарзандлари ва набиралари ҳаётини ўзгариб бораётган дунёда қандай қуриши кераклигини кўрсатади. Исломнинг мана шундай устувор ўринни сақлаб қолиши – бунга ҳам муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқлари ҳам, Ислом цивилизацияси марказнинг ўзи ҳам яққол далилдир.
Аликбер Аликберов, Россия фанлар академияси Шарқшунослик институти директори:
Айтишадики, орқага қарамаслик, фақат олдинга интилиш керак. Лекин, аслида, чуқур маданий ва цивилизацион илдизларга эга халқларгина тараққиёт динамикасини кўра олади ва барқарор ривожланади. Шу боис Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг 80-сессиясида айтган сўзлари айни пайтда жуда муҳим: тарих ва маданият — бу келажакда муваффақиятли ва ишончли ривожланиш имконини берадиган асосий пойдевордир. Бу эса модернизация жараёнлари мустаҳкам ва изчил бўлишининг кафолатидир.
Ҳар қандай ривожланиш сакраш билан кечади — бир босқичдан иккинчисига. Бугун Ўзбекистон танлаган йўл — модернизация, бунёдкорлик ва тараққиёт йўли — янада мустаҳкамланади ва самарали амалга ошади. Бу ерда тарих ва замонавийлик ўртасидаги боғлиқлик яққол намоён: ўтмишга таянган ҳолда келажак стратегияларини янада ишонч билан амалга ошириш мумкин. Ҳамма мамлакатларда ҳам бундай стратегия йўқ. Ўзбекистонга эса омад кулиб боқди — чунки унинг Президенти келажакка интилади ва халқ манфаати йўлида ривожланишни мақсад қилади.
Мен сизларни Тошкент марказида, тарихий Шошда барпо этилган ушбу бетакрор ёдгорлик билан табриклайман. Ислом цивилизацияси маркази маданий мерос тўпланадиган ва асраб-авайланадиган, чуқур ўрганиладиган масканга айланади. Энг муҳими эса — уни асраб-авайлаш ва англашдир.
Берик Абдигалиули, Қозоғистон миллий тарих музейи директори
– Бу мега-лойиҳа бўлиб, у барча босқичларни — биринчи, иккинчи, учинчи “инқилобий босқич”дан тортиб, бугунги кунгача қамраб олади. Ўзбекистон бу ерда ҳақиқатан ҳам ташаббус кўрсатиб, қадимий даврлардан то ҳозирги замонгача бўлган тарихий воқеалар кетма-кетлигини намойиш этмоқда.
Бунда ўзига хос мантиқ бор ва менимча, бу жуда қизиқарли ҳамда алоҳида ҳурматга лойиқдир. Бу маҳаллий ёки этник лойиҳа эмас — бу халқаро миқёсдаги ташаббусдир. Чунки анъанавий равишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Яқин Шарқ билан боғланиб келган, бироқ ҳозирда Марказий Осиё ҳам ўзининг муҳим ҳиссасини қўшмоқда. Бу эса ҳурмат ва қойил қолишга сабаб бўлади.
Халқаро форум Дастури доирасида ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланиши, Форум якуний Декларациясининг қабул қилиниши ҳамда Марказга артефактлар топшириш маросими ўтказилиши режалаштирилган.
Форум якунида Марказни ривожлантиришга доир аниқ тавсиялар ишлаб чиқилиши, халқаро кўргазмалар, тадқиқот ва рақамли лойиҳаларнинг амалга оширилиши белгиланади.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

37,7 метрлик меъморий мўъжиза: Улуғбекнинг асрлар ошган илмий мероси энди Тошкентда порламоқда!
