Ҳар бир қўлёзма — бир олам, ҳар бир китоб — тарихнинг калити
Қўлёзмалар жонланади, манбалар рақамлашади, кутубхона эса глобал тадқиқот майдонига айланади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасидаги йиғилиш айнан шу маънавий меросни янги авлод учун замонавий тарзда тақдим этишга қаратилди.
Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасида фаолиятни такомиллаштиришга бағишланган ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда кутубхонанинг стратегик йўналишлари, ахборот-ресурс базасини бойитиш, рақамли хизматларни жорий этиш ҳамда фойдаланувчилар учун қулай муҳит яратиш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Алоҳида эътибор қаратилган йўналишлар:
◾️ илмий ва маърифий фаолиятни замон талабларига мос йўлга қўйиш;
◾️ миллий ва халқаро нашрлар, қўлёзмалар ҳамда рақамли манбалар асосида ахборот-ресурс базасини шакллантириш;
◾️ ўқув заллари учун интерактив ва аудиовизуал контент яратиш;
◾️ электрон хизмат турларини йўлга қўйиш ва уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш.
Йиғилишда, шунингдек, 26–27 сентябрь кунлари ўтадиган Халқаро экспертлар конференциясига тайёргарлик масаласи муҳокама қилинди. Бу жараёнда кутубхонанинг техник ва рақамли инфратузилмасини тўлиқ иш ҳолатида тайёрлаш, меҳмонларни қабул қилиш, экскурсиялар ташкил этиш каби ташкилий вазифалар белгиланди.
Ишчи гуруҳ раҳбари У.Тешабаева 24 сентябрь куни бўлиб ўтадиган Марказнинг кенгайтирилган илмий кенгашида кутубхона фаолияти юзасидан ҳисобот ва истиқбол режалари тақдим этилишини маълум қилди.
Йиғилиш якунида ишчи гуруҳ аъзолари қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурдилар. Улар асосида амалий вазифалар белгиланди ва уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари ишлаб чиқилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси — бугунги кунда илм-фан, маънавият ва маданият уйғунлашган илмий маскан сифатида тадқиқотчилар, олимлар ва кенг жамоатчилик учун ноёб манбалар тақдим этишни давом эттирмоқда. Келгусида у халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш ва очиқ рақамли базани яратиш орқали ўз салоҳиятини янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа