Энди ҳар бир экспонатнинг тарихини ўрганиш имконияти бор!
🔴Темурийлар даври: ёзма манбалар ва сирли мактублар биринчи марта очиқланди
🔴Ўзбекистонда янгича музей тажрибаси: тарихий манбалар рақамли базада

Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказида “Иккинчи Ренессанс – Темурийлар даври” экспозицияси юзасидан илмий муҳокама бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Миллий университети ва нуфузли илмий муассасалардан етакчи олимлар иштирок этди.
Экспозицияда Амир Темур ва Темурийлар сулоласи даврига оид тарихий ҳужжатлар, ёзма манбалар, дипломатик мактублар, археологик топилмалар ва ноёб артефактлар намойиш этилмоқда. Замонавий ахборот технологиялари ҳамда миллий анъаналар уйғунлигида яратилган экспозиция нафaқaт тарихий манбаларни кўрсатади, балки илмий-тадқиқотлар учун ҳам платформа сифатида хизмат қилади.
Муҳокамада қатор муҳим фактлар ва манбалар алоҳида қайд этилди:
➖Амир Темур ёрлиғи — Шарқшунослик институтида сақланаётган тарихий ҳужжат;
➖Франция қироли Карл VI билан 1402 йилдаги дипломатик ёзишмалар;
➖Ватикан элчиси Ивон Гринлонинг Темур саройидаги кузатишлари шулар жумласидан.
– Марказнинг асосий экспозицияларидан бири – Иккинчи Ренессанс – Темурийлар даври. Бу экспозицияда Амир Темур давридаги халқаро алоқалар, ички сиёсат ва иқтисодий муносабатларни акс эттирувчи оригинал тарихий ҳужжатлар жойлаштирилган. Замонавий музей технологиялари ва анъанавий музейшунослик меъёрлари асосида ташкил этилган бу экспозиция нафақат тарихий манбаларни намойиш қилади, балки илмий тадқиқотлар учун ҳам қулай платформани тақдим этади, – деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими Санжар Ғуломов.
Марказ катта илмий майдонга айланиб, хорижлик олимлар учун ҳам тадқиқот имкониятларини очмоқда. Ҳар бир экспонат ҳақидаги маълумотлар ягона электрон базада жамлангани уни илмий изланишлар учун ноёб манбага айлантирмоқда.

Хуршид Файзиев, Темурийлар тарихи давлат музейи директори:
– Ислом цивилизацияси маркази оддий музей эмас — кашфиётлар хазинасидир. Ҳар бир артефакт халқимиз маънавий меросининг ёрқин гувоҳи, ёшлар учун эса илмга йўлбошчи манбадир.
Муҳокама якунида олимлар экспозиция мазмун-моҳиятини янада бойитиш ва илмий изоҳлар тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар беришди. Ушбу таклифлар яқин кунларда Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашига тақдим этилади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа