Ўзбекистон ва Эрон ўртасида янги илмий ва маданий саҳифа очилмоқда
🔴 Ислом цивилизацияси марказида қўшма тадқиқотлар режалаштирилди
🔴 Илм, маданият ва маърифат йўлида бирлашув

Бугун Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида Эрон Ислом Республикасининг нуфузли делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Эрон элчихонасининг маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси Саид Амир Карамий, Исломий мазҳаблар халқаро университети ректори доктор Муҳаммад Ҳодий Фаллоҳзода, Эрон Маданий алоқалар ташкилоти Осиё ва Тинч океани бошқармаси директори доктор Одил Хоний, доктор Яҳё Жаҳонгирий ҳамда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти ва илмий ходимлари иштирок этди.
Марказ раҳбарияти кириш сўзида икки давлат ўртасидаги маданий, илмий ва маърифий ҳамкорликнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон ва Эронни асрлар давомида боғлаб келаётган маънавий ришталар бугун янги босқичга кўтарилаётгани қайд этилди.
Устувор йўналишлар
Учрашувда қатор ташаббуслар илгари сурилди:
➖таълим ва қўшма тадқиқотларда ҳамкорлик,
➖ университетлар ўртасида тажриба алмашиш дастурлари,
➖ маданий тадбирлар ва кўргазмаларни биргаликда ўтказиш,
➖ форс ва ўзбек тилларида асарлар нашри,
➖ маданий меросни ўрганиш ва оммалаштириш бўйича қўшма лойиҳалар.
Шунингдек, тил — халқлар ва цивилизациялар ўртасидаги асосий кўприк сифатида қайд этилди. Таълим ва нашриёт йўналишидаги ташаббуслар икки давлат халқлари ўртасидаги маданий яқинликни мустаҳкамлайди, дўстлик ришталарини кучайтиради.
Халқаро ҳамкорлик ва янги режалар
Замонавий илм-фан ва исломий тадқиқотларда ҳамкорлик қилиш, тинчлик ва биродарлик ғояларини тарғиб этиш, янги меморандумлар имзолаш, илмий экспедициялар ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Доктор Муҳаммад Ҳодий Фаллоҳзода шундай деди:
— Мен бу марказда диний, тарихий ва илмий қадриятлар уйғунлашганини кўрдим. Бино муҳташам, бутун бир давлатчилик тарихини мужассам этган. “Тарихий Ўзбекистон”, “илмий Ўзбекистон”, ғоялари ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор ҳисобланади. Агар илмий, таълимий ва нашриёт соҳаларида ҳамкорлик қилсак, икки томон учун ҳам фойдали бўлади.

Учрашув натижалари Ўзбекистон ва Эрон муносабатлари фақат иқтисодий эмас, балки маданий-маънавий йўналишларда ҳам изчил равнақ топаётганини кўрсатди. Ислом цивилизацияси маркази каби нуфузли илмий-маънавий муассасалар фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш, ҳамкорлик кўламини кенгайтириш учун янги имкониятлар очилди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа