Ўзбекистонда биринчи камера ортида ким турганини биласизми?

 

🔴 Ўзбек киносидаги илк қадамлар – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси Маркази экспозициясида!



 

    Ўзбекистон тарихида илк фотосуратчи, кинооператор ва миллий кинематографиянинг асосчиси сифатида танилган Худойберган Девонов ўз даврининг энг илғор ва жасур шахсларидан бири эди. У фотография ва кинематографияни ватанга олиб кириб, халқни дунё янгиликларидан бохабар қилиш, ёшларни илм-маърифатга чорлаш йўлида фаолият олиб борди.

 

    1879 йилда Хива шаҳрида туғилган Девонов мадрасада таълим олди, араб тилини ўрганди, шеър ёзди. Соатсозлик, боғдорчилик ва мусиқага қизиқди. 

 

    Аммо унинг тақдирига фотографияда эътибор қозониш ёзилган эди. Худойберган ҳаётида бурилиш ясаган учрашув – Хива яқинидаги Оқмачит қишлоғида яшаган меннонит немиси Вилҳелм Пеннер (маҳаллийлар уни “Панар бува” дейишарди) билан танишув бўлди. Девонов икки йил давомида унинг уйига қатнаб, фотография ва немис тилини ўрганди. Баъзан устознинг ўзи ҳам Худойберганнинг уйига келиб, сабоқ берди.



 

    ХХ аср бошларида суратга олиш мусулмон жамиятида баҳсларга сабаб бўлди, ҳатто қозикалон уни “кофир” деб эълон қилди. Лекин маърифатпарвар Исломхўжа ва Хива хонининг ҳомийлиги билан Девонов ишини давом эттирди.

 

    1908 йилда у Санкт-Петербург ва Москвага бориб, фото ва кино техникасини харид қилди, ватанга қайтиб илк фото-кинолабораторияни очди. Шу боис 1908 йил Марказий Осиёда кинематография “туғилган” йил сифатида эътироф этилади.

 

    Девонов турли шаҳарларни кезиб, халқ турмуши, байрамлар, меъморий ёдгорликлар, пахта йиғими каби жараёнларни тасвирга олди. Унинг камераси орқали ҳам подшоҳ, ҳам оддий деҳқон тасвирлари тарихга муҳрланди.

 

    Кейинчалик, у Хоразм Халқ Совет Республикасида хизмат қилди, молия нозири бўлиб ишлади, бир вақтнинг ўзида ҳужжатли фильмлар суратга олди. “Ишчи аёллар”, “Пахта карвони”, “Тузкон” каби фильмлари миллий ҳаётнинг тарихий солномаси бўлиб қолди.

 

    Афсуски, 1937 йилги қатағон даврида Девонов сохта айблар билан қамалди ва 1938 йил 5 сентябрда отиб ташланди. Унинг бой фото ва кино архиви мусодара қилиниб, кўп қисми йўқ қилинди.

 

    Фақат 1959 йилда у тўлиқ оқланди. 1960–70 йилларда олимлар унинг меросини ўрганишни бошлади, кўргазмалар ташкил этилди, китоблар нашр қилинди. 2021 йилда академик Наим Каримовнинг “Худойберган Девонов” номли китоби Ислом Каримов фонди томонидан нашр этилди.

 

    Бугун Худойберган Девонов номи ўзбек кино ва фотография санъати тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган. У ҳақдаги махсус медиалойиҳа Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Ўзбекистон ХХ асрда” бўлимида намойиш этилади, томошабинлар эса унинг ҳаёти ва ижоди, ўзбек киносига асос солиши билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.

Шаҳноза Раҳмонова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин