“Бу марказ дунёдаги яна бир илм ва маърифат қасри бўлади” – IRCICAнинг Марказий Осиё бўйича масъули



 

    Тошкентда қурилаётган ва дунёда тенги йўқ лойиҳа — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳали расман очилмаган бўлса-да, унга қизиқиш кундан-кунга ошиб бормоқда. Марказ нафақат мамлакатимиз аҳолиси, балки халқаро ташкилотлар ва хорижий олимлар эътиборини ҳам тортмоқда.

 

    Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган бу улкан мажмуа билан танишиш учун Миср Араб Республикаси Қоҳира университети Шарқ тиллари кафедраси профессори Жалол Саид Ҳафнавий, IRCICA ташкилотининг Марказий Осиё бўйича масъули, тарих фанлари доктори Аширбек Мўминов ҳамда тарихчи олимлар ташриф буюрди.



 

    Меҳмонлар марказнинг биноси, музей экспозицияси ва контентлари билан яқиндан танишдилар. Улар 10 гектарга яқин ҳудудда қурилган мажмуа, яқинидаги Ҳазрати Имом масжиди, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси бир-бирини тўлдириб турганини таъкидладилар.

 

    Профессор Жалол Саид Ал-Ҳафнавий ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:

 

“Бу марказ оддий мажмуа эмас. Бундай жойни бошқа мамлакатларда кўрмаганман. Бу ердаги меъморий санъат, Қуръон оятлари, Макка ҳарамини эслатувчи эшиклар — барчаси бетакрор. Бу масканда Амир Темур, Улуғбек, Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк зотларингизнинг мероси улуғланади. Худди янги дунёга келгандек ҳис қилдим!”

 

    Шунингдек, марказнинг иккинчи қаватида халқаро ташкилотлар — ICESCO, UNESCO, TURKSOY ва IRCICA каби нуфузли муассасалар учун алоҳида хоналар ажратилиши маълум қилинди.

 

    Аширбек Мўминов ҳам ўз фикрларини билдириб, экспозиция контентлари илмий жиҳатдан узвий ва ривожланиш босқичларини тўла қамраб олганини таъкидлади:

 

“Бу марказ дунёдаги яна бир илм ва маърифат қасри бўлади. Биринчи ва иккинчи Ренессанс даврлари ҳақидаги ғоялар нафақат Марказий Осиё, балки бутун Шарқ ислом олами учун муҳим назария ҳисобланади.”



 

    Ташриф иштирокчилари Ўзбекистонда илм-фан, маърифат ва маданиятга қаратилган давлат сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳоладилар.