Ўзбекистон тарихида “биринчи” бўлганлар: жасорат ва илҳом манбаи
Ўзбекистон тарихи буюк шахслар, унутилмас воқеалар ва халқимиз ифтихорига айланган “биринчи”лар билан тўла. Улар турли соҳаларда янги йўл очиб, бутун авлодларга намуна бўлган.
Илк алифбени ёзган устоз
Оқилхон Шарафиддинов — ўзбек тилидаги биринчи алифбе дарслиги муаллифи. 1938 йилда ёзилган бу китоб кейинчалик такомиллаштирилиб, қайта нашр этилди. Бугун Тошкентдаги 129-мактаб у кишининг номи билан аталади.
Илк халқаро гроссмейстер
Георгий Агзамов — 1984 йилда, 30 ёшида, ўзбек шахматчилари орасида биринчи бўлиб халқаро гроссмейстер унвонини қўлга киритган.
Илк ўзбек актрисаси
Турсуной Саидазимова — тарихда биринчи ўзбек актрисаси сифатида қолган. У фақат санъат саҳнасидагина эмас, аёлларнинг маънавий озодлиги йўлида ҳам курашган фидойи шахс бўлган.
Илк фазогир
Солижон Шарипов — 1998 йилда илк бор коинотга парвоз қилган ўзбек. У икки маротаба космосга учган ва “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Бокс бўйича илк жаҳон чемпиони
Руфат Рисқиев — 1974 йилда Кубада ўтган мусобақада биринчи ўзбек жаҳон чемпиони бўлган. Кейин Олимпиадада кумуш медал олган.
Илк аёл паровоз машинисти
Башорат Мирбобоева — илк парашютчилардан бири ва 1937 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги биринчи аёл паровоз машинисти.
Илк аёл дирижёр
Дилбар Абдураҳмонова — ўзбек ва совет дирижёри, скрипкачиси. 1977 йилда СССР Халқ артисти унвонига сазовор бўлган ва тарихда биринчи аёл дирижёр сифатида танилган.
Қатағонда қурбон бўлган илк аёл журналист
Собира Холдорова — қатағон даври қурбони бўлган биринчи ўзбек аёл журналисти сифатида ёд этилади. Унинг тақдири ўқувчи учун ибрат ва сабоқдир.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг “Ўзбекистон ХХ асрда” бўлимида ана шундай тарихий шахслар ҳаёти ва фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, “Ўзбекистоннинг биринчи қалдирғочлари” номли ҳужжатли фильм намойиши режалаштирилган. Фильмда элга ибрат бўлган бу шахслар ҳақида қисқа, таъсирчан лавҳалар ўрин олади.
Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

37,7 метрлик меъморий мўъжиза: Улуғбекнинг асрлар ошган илмий мероси энди Тошкентда порламоқда!

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди
