Марказий Осиёда Ислом уйғонишини бошлаган сулола
🔴 Мусулмон Шарқидаги энг тараққий этган марказлардан бири
🔴 Қум остидаги цивилизациянинг қайта жонланиши!
Сомонийлар сулоласи IХ–Х асрларда Марказий Осиё ва Хуросонда мустаҳкам марказлашган давлат барпо этиб, юртни сиёсий, иқтисодий ва маданий юксалиш даврига олиб чиқди. Улар назоратидаги ҳудудлар бугунги Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон ва Эроннинг бир қисмини қамраб олган.
Сомонхудотдан бошланган сулола
Сулола номи уларнинг аждоди – Сомонхудот номи билан боғлиқ. У дастлаб халифаликка қарам маҳаллий амир бўлган, аммо унинг авлодлари арабларнинг Умавий ва Аббосий сулолаларидан сўнг мустақилликни эълон қилган илк маҳаллий сулола сифатида тарихга кирди.
Адолатли подшоҳ
Сулоланинг энг буюк ва нуфузли ҳукмдори Исмоил ибн Аҳмад (Исмоил Сомоний) эди. У 892 йилда бутун Мовароуннаҳр ва Хуросонни бирлаштириб, мустақил давлат барпо этди. Исмоил Сомоний адолатли бошқаруви, халқ билан яқинлиги ва диний бағрикенглиги билан тарихда алоҳида ўрин тутди.
“Сомонийлар уйғониши”
Исмоил Сомоний даврида илм-фан, адабиёт, меъморчилик ва ислом илмлари гуллаб-яшнади. Мадрасалар, кутубхоналар, масжидлар қурилди, олим ва шоирлар қўллаб-қувватланди.
Бу даврда Имом Бухорий, Рудакий, Форобий, Ибн Сино каби алломаларнинг илмий мероси яратилди.
Савдо ва тангалар – давлат қудрати рамзи
Сомонийлар давлати савдо йўлларини назорат қилиб, Хитойдан Византиягача бўлган йўлларни очиқ ва хавфсиз сақлади. Улар зарб этган олтин, кумуш ва мис тангалар нафақат Марказий Осиёда, балки Афғонистон, Эрон ва Ҳиндистонда ҳам айланмада бўлган. Бу Сомонийлар давлатининг иқтисодий салоҳияти юқори эканини кўрсатади.

Исмоил Сомоний мақбараси – меъморчилик дурдонаси
Бухородаги Исмоил Сомоний мақбараси IX–X асрлар ислом меъморчилигининг энг қимматли ёдгорликларидан бири ҳисобланади. Пишиқ ғиштдан қурилган бу обида геометрик нақшлар билан безатилган бўлиб, бир неча асрлар давомида яхши сақланиб қолган. Бугунги кунда мақбара Ўзбекистоннинг миллий рамзларидан бири сифатида туристик марказга айланган.
Бой мерос ва унинг аҳамияти
Сомонийлар сулоласи Марказий Осиё тарихида сиёсий мустақиллик, маданий юксалиш ва бағрикенглик тимсоли сифатида ёд этилади. Бугун Тошкентда қурилаётган Ислом цивилизацияси марказида Сомонийлар даврига оид экспозиция ташкил этилмоқда. Бу тарихий мерос янги авлод учун ҳам илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Гўзал Бекназарова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди