Марказий Осиёнинг энг қадимий ва бебаҳо қўлёзмаларини кўришни истайсизми?

 

🔴 Энг сирли экспонатлар билан танишиш имконияти!

 

🔴 Ўтмишнинг ноёб дурдоналари намойиши!

 

    Ислом цивилизацияси марказида сизни улуғ аждодларимизнинг бебаҳо мероси кутмоқда. Усмон Мусҳафининг муқаддас саҳифалари, Темур тузукларининг адолатга асосланган қоидалари, Навоийнинг абадий ижоди... Агар китоблар гапира олса, “Усмон Мусҳафи” қандай ибратларни айтарди? Ёки “Темур тузуклари” қайси қонунларни эслатарди? Ҳар бир қўлёзма ўтмишнинг сирли ҳикоясини пичирлайди.

 

    Яқин кунларда очилиши кутилаётган Ислом цивилизацияси маркази музейи жамоатчиликка ана шу тарихий сирларни чуқурроқ англаш имконини тақдим этади. Бу ерда нафақат асл қўлёзмалар, балки уларнинг факсимилелари ва илмий тикланган нодир нусхалари ҳам жамланган.

 

     Қуръон нусхалари – марказнинг қимматли дурдоналари

 

    Марказ музейининг энг муҳим бойликлари орасида қадимий Қуръон қўлёзмалари алоҳида ўрин тутади. Жумладан:



 

    ◾️Усмон Мусҳафи – дунёдаги энг қадимий ва муқаддас Қуръон нусхаларидан бири. Ривоятларга кўра, у халифа Усмон ибн Аффон даврида кўчирилган ва мусулмонлар орасида ягона матн сифатида тарқатилган. Мусҳаф саҳифаларида халифа Усмоннинг шаҳид қилинган пайтда тўкилган қон излари қолиб кетгани ҳам тарихий манбаларда тилга олинади. Бу мусҳаф қуръон матнининг асл нусхалари сақланганининг исботи бўлиб, ислом тарихидаги илк давр сиёсий ва диний жараёнларидан далолат беради ва аждодларимизнинг иймон ва сабр рамзи сифатида қадрланади.



 

    ◾️Шодмалик Хотун Қуръони – Шодмалик Хотун қўли билан ёзилган Қуръон нусхаси, юқори бадиий қийматга эга қўлёзма. 1467-йилда кўчирилган. Нозик хаттотлик, олтин ва ранг-баранг безаклари билан Қуръон китобат санъатининг юксак намунаси бўлиб, Темурийлар даврида диний китобат санъати ва Қуръон нусхаларига бўлган юксак эътибордан далолатдир. Қадимий, мукаммал сақланган ва ўша даврнинг маданий-маънавий даражасини кўрсатувчи ноёб асар ҳали шу пайтгача бошқа жойда намойиш қилинмаган.



 

     “Темур тузуклари” ва тарихий қўлёзмалар

 

    Марказ экспозициясида Темурийлар давлатининг сиёсий ҳаёти ва бошқарув тизимига оид энг муҳим манбалардан бири – “Темур тузуклари” ҳақида чет эл олимлари ва ёзувчилари томонидан ёзилган асарларнинг асл нусхаларини кўришингиз мумкин.

 

    Улардан:


⚫️ Форс ва инглиз тилларида ёзилган “Темур тузуклари” асари,


⚫️ Инглиз тилида 1681 йил Лондонда ёзилган Чарлз Саундерснинг “Буюк Темур” асари,


⚫️ Француз тилида 1739-йил Парижда ёзилган Жан Баптист Магнат де Тиллининг “Амир Темур тарихи” асарларининг ҳам асл нусхалари намойиш қилинади.

 

    Уларда давлат бошқаруви, ҳарбий тартиб ва адолат қоидалари батафсил баён қилинган.


    Шунингдек, марказда Темурий шаҳзодалар ташаббуси билан яратилган кўплаб қўлёзмалар ҳам ўрин олади. Масалан, 1397–1398-йилларда Пирмуҳаммад томонидан тайёрланган икки жилдлик тўпламда Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, шунингдек “Гаршаспнома” ва “Баҳманнома” каби асарлар жамланган.

 

    Электрон қўлёзмаларга замонавий йўл

 

    Ислом цивилизацияси маркази “Иккинчи Ренессанс” бўлимида ҳақиқий қўлёзмалар билан биргаликда ўша даврнинг энг ноёб асарларини бир неча тиллардаги электрон вариантларини бемалол ўқиш имконига эга бўласиз.

 

     Булар орасида:


➖ Франция миллий кутубхонаси (Париж)да сақланаётган Абдураҳмон ас-Сўфийнинг (ваф. 986) “Сувар ал-кавокиб ас-собита” асари,


➖ Шоҳрух Мирзо кутубхонаси учун тайёрланган, Тўпқопи саройи кутубхонаси (Истанбул)да сақланаётган Рашиддиннинг (1247–1318) “Жоми ат-таворих” асари,


➖ 1400 йилда хаттот Али ибн Султоний Табризий томонидан кўчирилган, Нью-Йорк Фриир санъат галереясида сақланаётган Низомийнинг “Хамса”си,


➖ Бодлеан кутубхонаси (Оксфорд)да сақланаётган Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-Аброр” асари,


➖ ХVI асрда Волнер (Балтимор)да сақланаётган “Бобурнома” асарларининг асл қўлёзма нусхаларининг электрон вариантларидан фойдаланишингиз мумкин.

 

    Хулоса

 

    Ислом цивилизацияси маркази — бебаҳо меросимизни илмий асосда ўрганиш ва уни халқимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим кўприк вазифасини бажаради. Бу маскан орқали биз аждодларимизнинг илмга бўлган интилиши ва санъатга муҳаббатини янада чуқурроқ англаймиз.

Лайло Абдукаххарова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.