Регистон бунёдкори Амир Баҳодир Ялангтўшга бағишланган медиалойиҳа тайёрланади
ЎзИЦМда "Баҳодир Ялангтўш – Аштархонийлар даври бунёдкори” медиалойиҳаси ташкил этилади. Унда Баҳодир Ялангтўш шахси, унинг ҳомийлигида барпо этилган иншоотлар, хусусан Регистон мажмуаси меъморчилиги тадқиқ этилади, шу асосда макет ва музей экспозициясига контентлар тайёрланади.
Самарқанд шаҳрига ҳокимлик қилганлар ичида шаҳар меъморчилиги ва ободончилиги, унинг архитектураси ва шаҳарсозлик муҳитини ривожлантиришга ҳисса қўшган ҳукмдорлар анчагина. Улардан энг таниқлиларига Амир Темур ва Мирзо Улуғбеклар кирса, уларнинг сафига Иброҳим ибн Наср Тамғачхон Қорахоний (1040-1070), Ялангтўш Баҳодир (1576-1656) ва Бухоро амири Шоҳмурод ибн Дониёлни ҳам киритиш мумкин.
Ялангтўш Баҳодир даври архитектураси даврида Амир Темур ва Мирзо Улуғбеклар давридан кейинги, Ўрта Осиёдаги хонликлар даврига тўғри келиб, ўшанда Самарқанд Бухоро хонлигига қарар эди. Бироқ, Ялангтўш Баҳодир Самарқандни мустақил тарзда бошқариш шарафига эга бўлган ва ҳоким сифатида эркин ҳаракат қилган.
Ялангтўш даврида Самарқанднинг аввалги жоме масжиди ва мадрасаси, яъни Амир Темурнинг жоме масжиди ва Бибихоним мадрасаси бузилган бўлиб, шаҳар аҳолиси шундай масжид ва мадрасаларга муҳтож эди. Бунинг устига ўша даврда Регистон майдонида Мирзо Улуғбек қурдирган мадраса таъмирталаб бўлиб қолган, Улуғбекнинг Мирзои карвонсаройи хароба ҳолида, Муқатта масжиди ва Улуғбек хонақоси эса буткул йўқ бўлиб кетиб, уларнинг ўрнида ва ҳозирги Регистон майдонида шаҳар бозори жойлашган эди. Ялангтўш ушбу майдонни обод ҳолга келтириш ва шаҳар аҳолисининг эхтиёжларидан келиб чиқиб, Улуғбек карвонсаройининг сақланиб қолган қисми ва пойдеворларига ўзгартиришлар киритади. Битта бино таркибида иккита иморат: жоме масжиди ва мадраса бунёд этади (1641-1646 йил). Масжид иморати қибла тарафга, мадраса эса унинг шарқ тарафига қаратиб аввалги карвонсарой пойдеворлари устига қурилади. Масжид биносининг бош гумбази шифтига ишланган нақшларга тилла суви югуртирилиб зарҳалланади (1660 й.) ва шу боисдан ушбу бино “Тиллакори масжид мадрасаси” деб ном олади.
Манба: zarnews.uz
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
