Парижда асраб келинаётган Темурийлар даври дурдонаси


🔴“Бахт қуши” ҳақидаги 600 йиллик достон 


🔴 Шоҳ асарлар қаторидаги ноёб қўлёзма Ўзбекистонда тақдим этилади




    Шарқ адабиётининг йирик вакили Хожу Кирмонийнинг машҳур “Ҳумой ва Ҳумоюн” достони Темурийлар даври китобат санъатининг ҳақиқий дурдонаси ҳисобланади. Асар 1437 йилда Шоҳрух Мирзо ҳукмронлиги даврида Ҳиротда кўчирилган бўлиб, бугунги кунда Париж шаҳридаги Санъат музейи коллекциясида сақланмоқда.


    Хожу Кирмоний (1280–1352) Эроннинг Кермон шаҳрида туғилган, ижодий тахаллусини “Хожа” сўзининг маҳаллий шаклидан олган. Унинг асарлари тасаввуфий ғоялар, ишқ ва руҳий покланиш мавзулари билан бой. Шоир умрининг асосий қисмини Шерозда ўтказиб, 1349 йилда шу ерда вафот этган.


    Адибнинг ижодий мероси бой ва ранг-барангдир. Хожу Кирмоний катта ҳажмдаги девонидан ташқари, салaфлари изидан бориб, машҳур “Хамса” туркумини ҳам яратган. 1439 йилда Ҳиротда кўчирилган куллиётида шоирнинг “Хамса”си ва девони жамланган бўлиб, улар Темурийлар давридаги адабий муҳитни бойитган.


    Гарчи “Ҳумой ва Ҳумоюн” достони форс тилида ёзилган бўлса-да, олимлар фикрича, шоир туркий халқлар фольклоридан илҳомланган. Чунки “Ҳумой” номи туркий халқлар мифологиясидаги бахт қушини англатади.


    Асарда Шом подшоҳининг ўғли Ҳумой ва Чин ҳоқонининг қизи Ҳумоюннинг муҳаббат саргузаштлари, қаҳрамонлик ва руҳий изтироблари беқиёс шеърий маҳорат билан тасвирланган. Асар 4407 байтдан иборат бўлиб, Низомийнинг “Искандарнома” достони вазнида ёзилган.


    Достон нафақат мазмуни, балки ўзининг бетакрор миниатюралари билан ҳам қадрлидир. Ундаги безак ва суратлар Темурийлар даври китобат санъати Камолиддин Беҳзоддан аввал ҳам юқори даражада бўлганини яққол намоён қилади.


    Бу қўлёзманинг Парижда сақланиши, Темурийлар даври адабий меросининг жаҳон маданиятидаги ўрни ва аҳамиятини кўрсатади. Шу билан бирга, уни илмий ўрганиш ва кенг китобхонлар оммасига тақдим этиш бугунги кунда ҳам долзарб масаладир.


    Мазкур асар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Ўзбекистон қўлёзма мероси дурдоналари” китоб-альбомига киритилган бўлиб, юртимиз маданий меросининг яна бир ноёб намунаси сифатида эътироф этилади.

Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин