Сўфийлик сирлари, илмий мерос ва қадамжолар — ҳаммаси бир жойда!
🔴 Самарқанддаги сирли маскан
🔴 Нафақат муқаддас зиёратгоҳ, балки маънавият, тарих ва илм уйғониши рамзи эътибор марказида!

Самарқандда бир маскан борки, унга кирган инсон ўзини ўтмиш ва келажак орасида топади.Бу ерда қабр ҳам бор, тарих ҳам, сўфийликнинг сирли фалсафаси ҳам. У ердаги ҳар бир тош, ҳар бир гўша қалбга сўзлайди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ана шу бетакрор масканга бутун дунё эътиборини қаратишни мақсад қилган.
Самарқанд вилояти Оқдарё туманида жойлашган “Маҳдуми Аъзам” мажмуаси — нафақат муқаддас зиёратгоҳ, балки маънавият, тарих ва илм уйғониши рамзидир.
Бу маскан Нақшбандия тариқатининг йирик вакили, мутафаккир ва маънавият пешвоси Махдуми Аъзам Косоний (Саййид Аҳмад Хожаги Даҳбедий) номи билан боғлиқ. У жамият ва сиёсат ҳаётида ҳам фаол иштирок этган, илм, ахлоқ ва камолот ғояларини тарғиб қилган.

Мажмуа таркибида Махдуми Аъзам қабри, унинг авлодларига мансуб қуббали мақбаралар, масжид ва хонақоҳ сақланиб қолган. Бу ерга ҳар йили минглаб зиёратчилар, олимлар ва сайёҳлар ташриф буюриб, маънавий руҳ оладилар.
Махдуми Аъзамнинг «Шарҳи ал-валаду сирру абийҳи», «Асрор ун-никоҳ» асарларида илм (зоҳирий ва ботиний) билан ахлоқ-одоб бирлашиши кераклиги, инсон нафсининг покланиши, яхши хулқ билан яшаш кераклиги ҳақида ғоялар берилган.
Ушбу рисолаларида Махдуми Аъзам фақат ботиний (руҳий) ишлар билан чекланмоқ эмас, балки инсониятга хизмат, ҳалол меҳнат, инсонпарварлик каби ташқи амалларнинг ҳам муҳимлигини таъкидлайди. Бу, тасаввуфнинг ҳаётнинг барча жиҳатларига таъсири кераклигини кўрсатади.
Манбаларда қайд қилинишича, ҳокимлар Махдуми Аъзамни ўз пири, раҳбари сифатида кўрганлар ва унинг ибодатлилиги, маънавий ҳузури билан ҳокимлар ҳам қўлланганлар. Бу ҳолат, сўфийнинг ботиний салоҳиятининг ташқи таъсири, одамларга маънавий раҳнамолигини кўрсатади.
Тошкентда барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мамлакатимиз ислом тарихини, илм-фан ва маънавиятда тутган ўрнини ёритишни мақсад қилган. Ана шу мақсаднинг амалий ифодаси сифатида марказда Махдуми Аъзам ҳаёти ва таълимотига бағишланган махсус экспозиция ташкил этилмоқда.
Бу ерда:
— қўлёзмалар, илмий асарлар ва шахсий буюмлар намойиш этилади;
— зиёратгоҳ тарихи ҳақида интерактив видеоконтентлар яратилади;
— зиёратгоҳнинг 3D модели орқали онлайн тарзда ҳам кўриш имкони яратилади.
Шу тариқа, “Маҳдуми Аъзам” мажмуаси нафақат тарихий ёдгорлик, балки маънавий-маърифий мактаб сифатида, келажак авлодларга маънавий илҳом бағишлайди.
Гўзал Бекназарова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа